Йил бошидан буён аҳолидан 255 дона ўқотар қурол расмийлаштириб олинди
Бундан ташқари 2841 дона патрон, 57 дона қуролнинг асосий қисмлари, 485,7 грамм портловчи модда аниқланган.

Йил бошидан буён аҳолидан 255 дона ўқотар қурол расмийлаштириб олинди.
Ўқотар қуролларнинг муомаласини назорат қилишга ихтисослашган тузилмалар фаолиятини такомиллаштириш мақсадида Президент Администрацияси ҳузуридаги Наркотиклар ва ўқотар қуролларни назорат қилиш агентлиги томонидан қатор амалий ишлар бажарилиб келинмоқда.
Хусусан, Агентлик бошчилигида ташкил этилган идоралараро ишчи гуруҳ томонидан қуроллар муомаласи, уларнинг ҳисобини юритиш ва назорат қилиш тизимларини ўрганишга қаратилган тадбирлар ўтказилди. Ушбу жараёнда бир қатор вазирлик ва идоралар ҳамда тегишли объектлар фаолияти атрофлича ўрганилиши режалаштирилган.
Жумладан, биринчи босқичда Ички ишлар вазирлиги тизимидаги қатор йўналишлар фаолияти таҳлил этилди.
Ички ишлар органлари томонидан олиб борилган тезкор ва профилактик тадбирлар натижасида жорий йилнинг бошидан жами 487 та ҳолат аниқланган. Шундан 227 таси ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан аниқлаб олинган, 260 таси эса фуқаролар томонидан ихтиёрий равишда топширилган. Ўтказилган тадбирлар давомида қуйидаги ашёлар аниқланиб, белгиланган тартибда расмийлаштирилди: 255 дона турли хил ўқотар қурол, 2841 дона патрон, 57 дона қуролнинг асосий қисмлари, 485,7 грамм портловчи модда.

Олиб борилган ўрганишлар давомида Ҳуқуқий статистика бош марказида ўқотар қуролларга доир ҳисоботларни шакллантириш ва юритиш тартиби, шунингдек, мазкур йўналишда фойдаланилаётган ахборот базалари имкониятлари таҳлил этилди. Таҳлиллар шуни кўрсатдики, қуроллар муомаласига оид маълумотларни ягона рақамли тизим орқали юритиш ва турли идоралар ахборот базаларини ўзаро интеграция қилиш назорат самарадорлигини янада ошириш имконини беради.
Эксперт-криминалистика бош марказида ўқотар қуролларни баллистик экспертизадан ўтказиш тартиби, Давлат ўқ-гилзотекасини юритиш ҳамда автоматлаштирилган баллистик идентификация тизимининг имкониятлари таҳлил қилинди.
Баллистик маълумотлар базасини доимий равишда бойитиб бориш жиноятларни тезкор фош этиш ва қуролларни идентификация қилиш жараёнида муҳим аҳамият касб этиши таъкидланди.
Жамоат хавфсизлиги департаменти Жамоат тартибини сақлаш хизмати назорат-лицензиялаш фаолияти бўлимида эса қуроллар муомаласини лицензиялаш ва рухсатнома бериш амалиёти, фуқаровий ва хизмат қуроллари муомаласи устидан амалга оширилаётган назорат тизими ўрганилди. Мутахассислар фикрича, лицензиялаш жараёнларини босқичма-босқич рақамлаштириш ҳамда электрон хизматлар улушини ошириш фуқароларга қулайлик яратиш билан бирга назорат тизимининг шаффофлигини таъминлайди.
Бундан ташқари, ишчи гуруҳ пойтахт ҳудудида жойлашган қурол ва ўқ-дорилар савдосига ихтисослашган дўконлар фаолиятини ҳам ўрганди. Унда маҳсулотлар ҳисобини юритиш тартиби, сақлаш шароитлари ҳамда амалдаги қонунчилик талабларига риоя этилиши ҳолати таҳлил қилинди. Мазкур соҳада маҳсулотлар ҳисобини электрон тарзда юритиш ва савдо жараёнларини рақамли мониторинг қилиш тизимларини жорий этиш назорат самарадорлигини янада оширишга хизмат қилиши таъкидланди.
Ўрганишлар натижалари соҳадаги мавжуд тизимларни янада такомиллаштириш, давлат органлари ўртасида ахборот алмашинувини кучайтириш ҳамда назорат жараёнларини рақамлаштириш зарурлигини кўрсатди. Шу муносабат билан қуроллар муомаласи устидан назоратни кучайтириш, ахборот тизимларини интеграция қилиш ва замонавий рақамли ечимларни жорий этишга қаратилган таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилди.
