Шавкат Мирзиёев Сурхондарёдаги ҳарбий қисмга борди
Давлат раҳбари ҳарбий қисмда яратилган шароитлар, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларни, шу жумладан, замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа комплексларини кўздан кечирди.

Ўзбекистон Республикаси Президенти, Қуролли Кучлар Олий Бош Қўмондони Шавкат Мирзиёев Сурхондарё вилоятига ташрифи чоғида ҳарбий қисмда ҳам бўлди.
Мамлакатимиз мудофаа тизимида амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар қўшинларнинг жанговар салоҳияти ва ҳарбий-маъмурий секторлар фаолиятини янада юксалтиришда муҳим омилга айланмоқда.

Мазкур қисмда ҳам ҳарбий хизматчиларнинг жанговар тайёргарлигини ошириш учун барча шарт-шароит яратилган. Ўқув бинолари, ошхона, ётоқхона, маънавият ва маърифат хоналари, спорт шаҳарчаси энг замонавий техника ва ускуналар билан жиҳозланган.
Ҳозирги кунда турли минтақавий можароларда сунъий интеллект, робот, ракета, дрон ва уларга қарши воситалар кенг қўлланмоқда. Шундан келиб чиқиб, Олий Бош Қўмондон томонидан қўшинларда дронлар ва уларга қарши курашиш, сунъий интеллект билан ишлайдиган кибертузилмалар, роботлашган техникаларни қўллаш ва ҳаво ҳужумидан мудофаа бўйича янги бўлинмаларни ташкил этиш вазифаси қўйилган эди.
Бу борада тизимли ишлар амалга оширилмоқда, миллий армиямиз замонавий қурол-аслаҳалар билан таъминланмоқда.

Давлатимиз раҳбари ҳарбий қисмда яратилган шароитлар, ҳарбий техника ва қурол-аслаҳаларни, шу жумладан, замонавий ҳаво ҳужумидан мудофаа комплексларини кўздан кечирди.
Миллий армиямизни ривожлантиришнинг устувор йўналишларини белгилашда замонавий қуролли можаролар, хавфсизлигимизга мавжуд таҳдидлар ва ҳарбий ҳаракатлар театри хусусиятларини ҳисобга олиш зарурлиги таъкидланди.

Қуролли Кучларимизнинг салоҳиятини ошириш ва моддий-техник базасини мустаҳкамлаш, шахсий таркибнинг шайлигини юксалтириш юзасидан белгиланган вазифалар ижросини изчил давом эттириш бўйича мутасаддиларга тегишли топшириқлар берилди.
