Макрон Ўзбекистонни Европа учун муқобил уран етказиб берувчи деб атади
Парижда бўлиб ўтган Халқаро ядро энергияси саммитида нутқ сўзлаган Франция раҳбари Европа Россия уранига қарамлигича қолаётганини айтиб, бошқа ҳамкорлар билан алоқани кенгайтиришга чақирди.

Франция Президенти Эммануэл Макрон Европага уран етказиб беришни диверсификация қилиш зарурлиги ҳақида гапирди. У Ўзбекистонни Россия уранига қарамликни камайтиришга қодир давлатлардан бири деб атади.
Парижда бўлиб ўтган Халқаро ядро энергияси саммитида сўзлаган Франция раҳбари Европа Россия уранига қарамлигича қолаётганини айтди.
Унинг таъкидлашича, энергия хавфсизлигини таъминлаш учун бошқа хом ашё ишлаб чиқарувчилари билан ҳамкорликни кенгайтириш жуда муҳимдир.
Макрон Қозоғистон, Мўғулистон, Ўзбекистон, Канада ва Австралияни муқобил етказиб берувчилар сифатида атади.
Президент ядро энергияси энергия мустақиллиги, декарбонизатсия ва иқтисодий ўсишнинг калити бўлиб қолишини таъкидлади. Шунингдек, у миллий ядро хавфсизлиги идоралари ўртасида яқин ҳамкорликка ва ягона саноат стандартларини ишлаб чиқишга чақирди.
Макроннинг сўзларига кўра, Францияда ядро энергиясини ривожлантириш бўйича янги қарорлар яқин кунларда Парижда бўлиб ўтадиган Ядро сиёсати кенгаши йиғилишида муҳокама қилинади.
