Эммануэл Макрон Самарқандда расмий кутиб олинди
Тунда икки давлат раҳбарлари Самарқанд шаҳрини айландилар.
Президент Шавкат Мирзиёевнинг таклифига биноан Франция Президенти Эммануэл Макрон расмий ташриф билан Ўзбекистонда бўлиб турибди.
Дастлаб, Эммануэль Макрон Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида тунги Самарқанд бўйлаб сайр қилди.
Давлат раҳбарлари ЮНЕСКОнинг Жаҳон мероси рўйхатига киритилган Регистон мажмуасига ташриф буюрдилар.
Олий мартабали меҳмонга ушбу Шарқ меъморчилиги дурдонасининг қурилиш тарихи, ноёб нақшлари, мазкур маскан билан боғлиқ машҳур воқеа ва шахслар хусусида сўзлаб берилди.
Шу ерда Шавкат Мирзиёев ва Эммануэль Макрон биргаликда суратга тушди.
Сўнг Президентлар “Буюк ипак йўли” халқаро туризм марказидаги “Боқий шаҳар” тарихий-этнографик мажмуасида бўлдилар.
Бугун, 2 ноябрь куни эса Самарқанд шаҳрида ташрифнинг асосий тадбирлари Франция етакчисини расмий кутиб олиш маросимидан бошланди.
Конгресс маркази олдидаги майдонда фахрий қоровул саф тортди.
Ўзбекистон Президенти олий мартабали меҳмонни самимий қарши олди ва шоҳсупага таклиф қилди.
Ҳарбий оркестр ижросида икки мамлакат мадҳиялари янгради. Фахрий қоровул давлат раҳбарлари олдидан тантанали юриб ўтди.Ўзбекистон ва Франция Президентлари расмий делегациялар аъзоларини қутладилар.
Сўнг олий даражадаги музокаралар бошланди.