Янги Ўзбекистонда илк бор 5 миллион тоннадан зиёд пахта ҳосили олинди
Жорий йилда фермерларнинг пахтадан 13–14 триллион сўм соф фойда олиши кутилмоқда.

Янги Ўзбекистонда илк бор 5 миллион тоннадан зиёд пахта ҳосили йиғиб олинди.
Бу натижага қандай эришилди?
- Илм-фан ва ишлаб чиқариш интеграцияси кучайтирилиб, олимларнинг илмий ишланмалари ва тавсиялари бевосита далаларга татбиқ этилди.
- Серҳосил, маҳаллий тупроқ-иқлим шароитларига мос навлар ҳамда замонавий агротехнологиялардан фойдаланиш кенгайди.
- Илғор агротехник усуллар, экиш ва парваришлаш технологиялари такомиллаштирилиб, ҳар бир гектардан юқори ҳосил олишга эътибор кучайтирилди.
- Сув тежовчи технологиялар жорий этилиши натижасида пахтачиликда сув сарфи 1990-йилларга нисбатан икки баравар камайди.
Соҳадаги ўзгаришларнинг муҳим жиҳати — деҳқон ва фермерлар, кластерлар ҳамда далада ишлаётган ҳар бир инсоннинг ўз меҳнати натижасидан манфаатдорлигидир. Жорий йилда фермерларнинг пахтадан 13–14 триллион сўм соф фойда олиши кутилмоқда.
Молиялаштириш, субсидиялаш, суғурта ва тўлов интизомини такомиллаштириш бўйича амалга оширилган ишлар ҳам юқори натижаларга эришишда муҳим ўрин тутди.
Кейинги йилларда чигит экиладиган майдонлар 38 фоизга қисқартирилгани ҳолда, ўртача ҳосилдорлик 2,7 карра ўсиб, гектарига 21 центнердан 56 центнерга етди. Жорий йилда қарийб 400 минг гектарда ўртача 70 центнер, салкам 70 минг гектарда эса 100–110 центнергача ҳосил олинди. Сув тежовчи технологиялар ҳисобига сув сарфи 1990 йилларга нисбатан икки карра камайди.
Жорий йилда ҳосилнинг 85 фоизи 3 мингдан ортиқ пахта териш машиналари ёрдамида 30–35 кунда йиғиб олингани қайд этилди. Жиззах ва Сирдарё вилоятларида механизациялаштириш даражаси 100 фоизга етказилди.
Замонавий илғор агротехнология асосида пахта етиштиришни кенгайтириш мақсадида 305,2 минг гектар (ўтган йилга нисб. +124 минг га кўп) майдонда «Шинжон» усулида чигит экилди. Пахта етиштиришда агротехник тадбирлари ўз вақтида тизимли молиялаштириш йўлга қўйилди. 2026 йил пахта ҳосили учун 12 трлн имтиёзли кредитлар ажратилди.
Фермер хўжаликлари томонидан етиштирилган пахта хомашёсини биржа савдолари орқали сотилган ҳар бир тонна пахта хомашёси учун 1 млн сўмдан жами 2,4 трлн сўм (+0,6 трлн) субсидия ажратилди.





