Тошкентдаги халқаро уруғчилик конгрессида икки муҳим меморандум имзоланди
Уруғчилик ассоциациясига аъзо давлатларда QR-кодли ёрлиқлаш тизими жорий этилади.

27–28 октябрь кунлари Тошкентдаги “InterContinental Tashkent” меҳмонхонасида Иқтисодий ҳамкорлик ташкилоти уруғчилик ассоциацияси (ECOSA)нинг IX халқаро уруғчилик конгресси бўлиб ўтди.
Унда ECOSAга аъзо 10 та давлат — Ўзбекистон, Афғонистон, Озарбайжон, Эрон, Қозоғистон, Қирғизистон, Покистон, Тожикистон, Туркия ва Туркманистон вакиллари, халқаро ташкилотлар, олимлар, тадбиркорлар ва инвесторлар иштирок этди.

Конгрессни Ўзбекистон Республикаси қишлоқ хўжалиги вазири Иброҳим Абдураҳмонов очиб берди. У уруғчиликнинг қишлоқ хўжалигидаги стратегик аҳамиятини таъкидлаб, юқори ҳосилдор ва сифатли уруғлик навларини яратиш, илм-фан ютуқларини амалиётга жорий этиш ҳамда халқаро ҳамкорликни кенгайтириш муҳимлигини қайд этди.

Тадбирда ЭҲТ Бош котибияти вакили Жан Айгун ва ECOSA бошқарув кенгаши раиси Йилдирай Генжер ҳам иштирок этди.
Конгресс доирасида аъзо давлатларнинг уруғчилик соҳасидаги тажрибаси ва ривожланиш истиқболлари тақдим этилди. ISTA вакили Andreas Wais ташкилотнинг ECOSAга аъзо давлатлар учун аҳамияти, OECD вакили Bianchi Pier Giacomo эса уруғлик сертификатлаш схемалари ҳақида маъруза қилди.
Ўзбекистон тажрибасини "Ўзагроинспекция" қошидаги Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази директори Жаҳонгир Каримов ҳамда Уруғчиликни ривожлантириш маркази директори Шуҳрат Отажонов тақдим этдилар.

Маърузаларда уруғлик сифатини баҳолаш, лабораториялар фаолияти, QR-кодли ёрлиқлаш, уруғлик тайёрлаш корхоналари, инновацион технологиялар ва халқаро ҳамкорлик масалалари ёритилди.
Конгресс доирасида иккита муҳим меморандум имзоланди. Қишлоқ хўжалиги маҳсулотлари сифатини баҳолаш маркази ва ECOSA ўртасидаги меморандум аъзо давлатларда QR-кодли ёрлиқлаш тизимини жорий этишга, Уруғчиликни ривожлантириш маркази ва ECOSA ўртасидаги келишув эса гибрид уруғчиликни ривожлантириш ҳамда селекция ютуқларидан ҳамкорликда фойдаланишга қаратилди.
Тадбирнинг амалий қисми доирасида 200 дан ортиқ маҳаллий уруғчилик хўжаликлари, кластерлар, фермерлар, илмий-тадқиқот институтлари, инвесторлар ва хорижий ҳамкорлар иштирокида B2B бизнес учрашувлари ўтказилди.

Музокараларда уруғлик етиштириш ва қайта ишлаш, замонавий технологиялар, савдо алоқалари, инвестициялар ва қўшма лойиҳалар муҳокама қилинди. Учрашувлар якунида маҳаллий ва хорижий иштирокчилар ўртасида ҳамкорлик келишувларига эришилди.
IX халқаро ECOSA уруғчилик конгресси халқаро тажриба алмашиш, уруғлик сифати ва рақобатбардошлигини ошириш, янги бизнес алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда Ўзбекистоннинг халқаро уруғчилик ҳамжамияти билан ҳамкорлигини ривожлантиришга хизмат қилди.





