Шавкат Мирзиёев Уммонга бориши кутиляпти
Телефон орқали мулоқотда Яқин Шарқдаги ҳозирги мураккаб вазият муҳокама қилиниб, беқарорлик жиддий ташвиш уйғотаётгани қайд этилган.

Президент Шавкат Мирзиёев Уммонга давлат ташрифи билан бориши кутиляпти. 4 март куни Шавкат Мирзиёев ва Уммон султони Ҳайсам бин Ториқ Ол Саид ўртасида телефон суҳбати бўлиб ўтди.
Уммон Султони Ўзбекистон етакчисига ҳамжиҳатлик ва бирдамлик туйғулари учун ташаккур изҳор этиб, Масқатга бўлажак олий даражадаги тарихий ташриф юксак савияда ўтишига ишонч билдирган.
Мулоқотда Яқин Шарқдаги ҳозирги мураккаб вазият муҳокама қилиниб, юзага келган беқарорлик жиддий ташвиш уйғотаётгани қайд этилган.
Ўзбекистон Президенти Уммон ҳудудида содир бўлган бундай ҳаракатлардан хавотирда эканини билдириб, Ўзбекистон ҳар қандай қарама-қаршилик ҳамда зиддиятни сиёсий-дипломатик ва тинч йўллар билан, музокаралар орқали ҳал қилишнинг қатъий тарафдори эканлигини таъкидлаган.
Шунингдек, Уммонда бўлиб турган Ўзбекистон фуқароларининг хавфсизлигини таъминлаш ва уларни Ватанига қайтариш учун яратилаётган шарт-шароит учун Султон Аъло ҳазратларига чуқур миннатдорлик билдирган.
