"Болаларнинг бегуноҳ қурбон бўлишини ҳеч қандай сиёсий мақсадлар оқлай олмайди"— Шавкат Мирзиёев Яқин Шарқдаги уруш ҳақида
Ўзбекистон раҳбари "БРИКС плюс" саммитида "дунё жадал бўлиниб бораётгани, жаҳон иқтисодиёти ва савдосининг парчаланиб бораётгани тенгсизликни кучайтирганини" таъкидлади.
Президент Шавкат Мирзиёев “БРИКС плюс” форматидаги саммитда нутқ сўзлади. Ўзбекистон раҳбари унда Исроил-Фаластин можаросига тўхталди.
— Биз Ғазо ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиани қалбимиздаги оғриқ ҳисси билан қабул қиляпмиз. Тинч аҳоли, айниқса, болаларнинг бегуноҳ қурбон бўлишини ҳеч қандай сиёсий мақсадлар оқлай олмайди.
Бугунги кунда ўт очишни зудлик билан тўхтатиш ва жабрланганларга шошилинч ёрдам кўрсатиш кечиктириб бўлмайдиган вазифалардир. Исроил-Фаластин муаммосининг ягона ечими – “икки халқ учун икки давлат” тамойили асосида можарони тинч йўл билан ҳал қилиш бўлиб қолмоқда, деб ҳисоблаймиз-, деди Президент.
"Афсуски, бугунги кунда дунё жадал бўлиниб бормоқда. Инсонларга улкан азоб-уқубатлар, оғир изтироб ва ўрнини тўлдириб бўлмайдиган йўқотишлар келтираётган уруш ва можаролар сони ортмоқда.
Жаҳон иқтисодиёти ва савдосининг парчаланиб бораётгани тенгсизлик, технологик узилишлар ва протекционизмни кучайтирмоқда. Мамлакатлар ўртасида янги тўсиқлар вужудга келмоқда.
Бундай шароитда тенг ҳуқуқлилик, блоклардан холилик, бир-бирининг манфаатларини ҳисобга олиш, суверенитетга ҳурмат ва ўзининг мустақил тараққиёт йўлига эга бўлиш ҳуқуқи каби тамойилларга асосланиб ҳаракат қилаётган БРИКС ўзини кўп томонлама ҳамкорлик ва шерикликнинг нуфузли ва ривожланиб бораётган тузилмаси сифатида намоён этмоқда.
Ўзаро алоқаларнинг бундай модели Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг марказий ролини сақлаган ҳолда жаҳон тартиботининг бугунгидан кўра адолатлироқ янги архитектурасини шакллантириш учун мустаҳкам асос бўлиши мумкинлигига ишонамиз", дея таъкидлади Президент.
Шунингдек, давлат раҳбари Афғонистон халқига ва унинг амалдаги ҳокимиятига ижтимоий-иқтисодий ривожланиш, тинч қурилиш ва тараққиётнинг долзарб муаммоларини ҳал этишда ёрдам кўрсатиш зарурлигини айтди.