Шавкат Мирзиёев Яқин Шарқдаги низони ҳал қилиш йўлини айтди
Ўзбекистон раҳбари бу ҳақда Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарлари кенгаши мажлисидаги нутқида сўзлади.
Яқин Шарқдаги кўп йиллик низонинг ягона ечими – халқаро меъёрий ҳужжатлар ва резолюцияларга мувофиқ, 1967 йилдаги чегаралар асосида, пойтахти Шарқий Қуддус бўлган мустақил Фаластин давлатини тузишдир, деди Шавкат Мирзиёев Туркий давлатлар ташкилоти давлат раҳбарлари кенгаши мажлисида.
"Ташкилотимиз доирасида сиёсий ва хавфсизлик масалаларида мулоқотларни тизимли давом эттириш, умумий манфаатларимиздан келиб чиқиб, халқаро муаммолар бўйича якдил ва аниқ позициямизни фаол илгари суриш мақсадга мувофиқдир.
Бу ўринда гап, энг аввало, Яқин Шарқда давом этаётган адолатсиз уруш ва кузатилаётган икки ёқлама стандартлар ҳақида бормоқда. Ғазо сектори ва Ливандаги мисли кўрилмаган гуманитар фожиани, тинч аҳолига қарши вайронкор ҳужумларни, айниқса, бегуноҳ болалар, кексалар ва аёллар қурбон бўлаётганини ҳеч нарса билан оқлаб бўлмайди. Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Фаластин қочоқларига ёрдам бериш бўйича махсус агентлиги фаолиятини чеклашга қаратилган ҳаракатларни ҳам кескин қоралаймиз", деди Ўзбекистон раҳбари.
Шавкат Мирзиёев кейинги ҳафта Ар-Риёд шаҳрида ўтадиган араб-мусулмон давлатлари саммитида бу муаммога аниқ сиёсий ечим топилишига умид билдирди.