Ҳомиладор талабаларга “иккинчи имконият” яратилади
Мазкур талабалар фанлар фарқини мустақил ўзлаштириши учун қўшимча муддат берилиб, бошқа зарур шарт-шароитлар ҳам ташкил этилади.

2026/2027 ўқув йилидан ҳомиладор талаба-қизларга ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабаларга олий таълим олиш учун “иккинчи имконият” яратилади.
Бунда курсдан курсга қолган ёхуд талабалар сафидан чиқарилган шахсларга, истисно тариқасида, фанлар фарқини қайта ўзлаштириш шарти билан таълимни давом эттириш имкони яратилади.
Талабалар фанлар фарқини мустақил ўзлаштириши учун қўшимча муддат берилади ва бошқа зарур шарт-шароитлар ташкил этилади.
Ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабаларга академик таътил даврида, уларнинг хоҳишига кўра, масофавий таълим шаклида ўқишни давом эттириш имконияти берилади.
Шунингдек, масофавий таълим шаклида кадрлар тайёрлаш бўйича таълим йўналишлари ва қабул кўрсаткичларини ошириш орқали ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабаларга таълимни давом эттириш учун қўшимча шарт-шароитлар яратилади.
Академик таътилга чиққан, курсдан курсга қолган ва талабалар сафидан чиқарилган ҳомиладор талаба-қизлар ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан шуғулланувчи талабалар юзасидан алоҳида статистик маълумотлар юритилади.
