Жинсий жиноятлар бўйича тергов ваколати прокуратурага ўтади
Бу ҳақда Президент фармони имзоланди. Аввал ушбу ваколат ички ишлар органларида эди.

Жиноят кодексининг 6 та моддасидаги жинсий жиноятлар бўйича ишларни тергов қилиш ваколати ички ишлар органларидан прокуратурага ўтказилади.
Президент Шавкат Мирзиёев тегишли фармонга мзо чекди. Давлат раҳбари 3 март куни аёллар ва болалар ҳуқуқларининг ҳимоясини янада кучайтириш, уларга нисбатан тазйиқ ва зўравонликнинг олдини олиш юзасидан таклифлар ҳамда янги ташаббуслар билан танишди.
Жумладан, ижтимоий тармоқларда аҳолининг ҳақли эътирозларига сабаб бўлаётган бир қатор масалалар бўйича қуйидаги таклифлар билдирилди:
- шаҳвоний шилқимлик учун белгиланган 5 суткагача маъмурий қамоқ жазосини қатъийлаштириш;
- педофиллар учун умрбод озодликдан маҳрум қилишгача бўлган жазони белгилаш;
- Жиноят кодексининг 118- ва 119-моддаларидаги жинсий жиноятларни вояга етмаган шахсларга нисбатан содир этган маҳкумларни манзил-колонияларга ўтказмаслик;
- шаҳвоний шилқимлик бўйича маъмурий ҳуқуқбузарликка оид материалларда жиноят аломатлари мавжуд эмаслиги бўйича прокурор қарорини олиш шартлиги;
- аёллар ва болаларга нисбатан зўравонлик жиноятлари билан махсус тайёргарликдан ўтган адвокатлар, терговчи ва судьялар шуғулланиши;
- зўравонликдан жабрланган ва ҳимоя ордери берилган хотин-қизлар ҳимоясини кучайтириш мақсадида уларнинг телефон қурилмаларига махсус “SOS” иловаларини ўрнатиш, бунда чақирув тугмаси босилганда 5 километр радиусдаги ички ишлар ходимлари 10 дақиқада манзилга етиб келиши ва бошқалар.
Шунингдек, никоҳларнинг 40 фоизи 18-19 ёшдагилар ўртасида тузилиши, бироқ халқаро ташкилотларнинг энг мақбул никоҳ ёши 21 ёш экани, бу ёшга етган шахслар одатда молиявий мустақилликка эришиб, оила қуришга ҳар томонлама тайёр бўлиши ҳақидаги тавсиялари асосида қуйидаги ташаббуслар билдирилди:
- никоҳни 21 ёшга етган шахслар ўртасида тузилишини рағбатлантириш мақсадида қўшимча молиявий қўллаб-қувватлаш механизмларини жорий этиш;
- давлат божидан имтиёзлар бериш йўли билан никоҳланувчилар ўртасида никоҳ шартномаси тузилишини рағбатлантириш;
- никоҳ ёшига оид қонунчиликни бузганлик учун жариманинг 15 фоизини бундай ҳолат ҳақида хабар берган шахсларга бериш тартибини жорий этиш орқали эрта никоҳларни аниқлаш самарадорлигини ошириш;
- эрта никоҳ ва 16 ёшгача бўлган ҳомиладорлик ҳолатлари ҳақида ички ишлар органлари ва “Инсон” ижтимоий хизматлар марказларига хабар бериш бўйича идоралараро занжирни йўлга қўйиш, бунда қайд этилган ҳолатлар ҳақида хабар бермаслик учун маъмурий жавобгарликни белгилаш;
- ҳомиладор ёки 3 ёшгача бўлган фарзанд тарбияси билан банд талаба қизлар учун таълимни давом эттириш имконини бериш орқали уларни таълимдан тушиб қолишининг олдини олиш ва бошқалар таклиф этилди.
