platina.uz

Бугун фуқаролик жамияти ва фаоллар ғалаба қилди

Президент администрациясининг шўъба мудири Саида Мирзиёева бугун депутатлар маъқуллаган хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларига оид қонун лойиҳасини “фуқаролик жамияти ва фаолларнинг ғалабаси” деб атади.
Жамият
23 март 2023 йил
Бугун фуқаролик жамияти ва фаоллар ғалаба қилди

Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг мажлисида «Хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ишончли ҳимоя қилиш тизимини янада такомиллаштириш муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида»ги қонун лойиҳаси иккинчи ўқишда моддама-модда кўриб чиқилди.

Ушбу қонун лойиҳасида "Оилавий (маиший) зўравонлик", “шаҳвоний шилқимлик” жиноятлари учун жазо кучайтирилмоқда.

Депутатлар томонидан кейинги вақтларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлган муҳим қонун қабул қилинди ва Сенатга юборилди.

Саида Мирзиёева бугун депутатлар маъқуллаган хотин-қизлар ва болалар ҳуқуқларига оид қонун лойиҳасини олқишлади ҳамда буни фуқаролик жамияти ва фаолларнинг ғалабаси деб атади:

«Бугун Олий Мажлис Қонунчилик палатаси томонидан Ўзбекистон Республикаси Жиноят ва Маъмурий жавобгарлик кодексларига аёллар ҳамда вояга етмаганларни зўравонликдан ҳимоя қилиш бўйича ўзгартиришлар тўплами қабул қилинди.

Қонун лойиҳасининг асоси Сенат ҳузурида ташкил этилган фаоллар ва экспертлардан иборат ишчи гуруҳи томонидан ишлаб чиқилган бўлиб, улар лойиҳанинг энг сўнги нуқтасига қадар Қонунга киритилаётган бугунги кун учун долзарб аҳамиятга эга бўлган ўзгартиришларни ёқлаб ҳимоя қилишди.

Хусусан, оиладаги зўравонлик жиноий ҳуқуқбузарликлар туркумига ўтказилди, иқтисодий ва психологик зўравонлик, шунингдек, вояга етмаганларга нисбатан зўравонлик учун жазо кучайтирилди.

Буни фуқаролик жамияти ва фаолларнинг ғалабаси деб биламан. Соғлом фикр ва адолатнинг ғалабаси. Биз ушбу муваффақиятлар учун узоқ ва машаққатли ҳаракатларни амалга оширдик, лекин қонунчилигимизда бу каби ўзгартиришлар замон талабларига хос ва инсонпарварлик учун ўта аҳамиятли эканлигини биргаликда исботлай олдик.

Олдинда бажаришимиз лозим бўлган ишлар жуда кўп, бироқ муваффақият доимо илҳомлантиради. Ушбу ўзгартиришларни қўллаб-қувватлаган, ҳужжатлар устида иш олиб борган ва бу ғояларни жамиятимизда тарғиб қилган барчага миннатдорчилик билдираман.

Бу нафақат Ўзбекистон аёлларининг, балки барча тафаккурли, илғор инсонларнинг ғалабаси!».

© 2024 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+