2022 йилда 73 та 14 ёшга тўлмаган бола билан жинсий алоқага киришиш жинояти содир этилган – Манба
Сўнгги йилларда вояга етмаганлар ҳамда хотин-қизларнинг жинсий эркинлигига қарши жиноятлар сони ортиб бормоқда.
Хусусан, 2019 йилда 16 ёшга тўлмаган бола билан жинсий алоқа қилишда айбли деб топилганлар сони 99 нафарни ташкил этган бўлса, бу кўрсаткич 2020 йилда – 153, 2021 йилда – 216, 2022 йилда – 238 нафарни ташкил этган.
14 ёшга тўлмаган бола билан зўрлик ишлатиб, жинсий алоқага киришиш жиноятини содир этганлар сони эса 2019 йилда – 52, 2020 йилда – 35, 2021 йилда – 57, 2022 йилда – 73 нафарни ташкил этган.
Интернетда болалар порнографиясини тарғиб қилувчи сайтлар 2013 йилдан 2017 йилга қадар 7 баравар ошиб, 18,4 млнтани ташкил этган.
Бундай нохуш ҳолатлар такрорланишини олдини олиш мақсадида аҳоли орасида профилактик ишларни кучайтириш, ҳуқуқбузарлик содир этганларни эса қилмишига яраша жазолаш мақсадида халқаро стандартларни ўз ичига қамраб олган, хотин-қизлар ва болаларнинг ҳуқуқлари кафолатларини кучайтирувчи янги қонун имзоланди.
Шахснинг иродасига қарши унга тинмай қўнғироқ қилиш, уни қидириш, иш, ўқиш ва яшаш жойига бориб, орқасидан юриши жабрланувчи учун ўта ноқулайлик келтириб чиқаради.
Чунки, беозор кўринган бундай қилмишнинг зўравонликка айланиши ўртасида бир баҳя бўлиб, у жабрланувчининг ўз ҳаёти ва соғлиғи учун асосли хавфсирашига сабаб бўлади.
Зеро, Европа иттифоқи ҳудудида ўтказилган сўровларда иштирок этган жинсий зўравонликка учраган аёлларнинг 18 фоизи, айбланувчи уларни олдиндан беозор кўринишда таъқиб этиб келганлигини билдиришган.
Шахс танасининг ёки жинсий аъзоларининг яланғоч ҳолдаги фото ёки видеотасвирини ўз ичига олган ахборотни унинг розилигисиз тарқатиш, ёки тарқатиш билан қўрқитиш қилмишлари учун Канада, Германия, Англия, Шотландия, Япония, Австралия, АҚШдаги каби жиноий таъқиб белгиланиб, 3 йилгача озодликдан маҳрум қилиш жазоси назарда тутилмоқда.
Шунингдек, жамоат жойларида шахсга шилқимлик қилиш, шахсни, унинг қадди-қоматини шаҳвоний мазмунда тасвирлаш, шу мазмундаги сўзлар билан чақириш, изоҳлаш, қиёслаш ёхуд унга нисбатан шаҳвоний майлни кўрсатувчи ҳаракатлар учун алоҳида маъмурий жавобгарлик белгиланиб, бу ҳаракатлар учун 1,5 млн сўмгача жарима ёки 5 суткагача қамоқ жазоси назарда тутилмоқда.
2021 йилда вояга етмаган фарзандига алимент тўлашдан бўйин товлаган 5,3 мингдан ортиқ фуқаро маъмурий қамоқ жазосига тортилган бўлса, 2022 йилда бу кўрсаткич 8,7 мингдан ортган.
Қонунда алимент тўламаганлик учун белгиланган жарима ёки қамоқ жазоси алимент олувчи болага ҳеч қандай наф келтирмайди. Аксинча, шахснинг маблағи жарима учун ундирилишига ёки у қамоққа олиниб, 15 сутка мобайнида даромад топиш ва алимент тўлаш имкониятидан маҳрум бўлишига олиб келади.
Бунинг олдини олиш учун қонунга янги маъмурий жазо тури, ҳақ тўланадиган жамоат ишларига мажбурий жалб қилиш жазоси киритилмоқда. Бунда алимент тўламаган шахснинг жамоат ишларини бажариб олган ҳақининг тенг ярми алимент олувчига берилади.
Қонунда зўравонлик содир этган шахсларга нисбатан белгиланадиган чекловларнинг етарли эмаслиги хотин-қизларни тазйиқ ва зўравонликдан самарали ҳимоя қилиш имкониятини чекламоқда.
Хусусан, 2022 йилда илгари ҳимоя ордери берилган хотин-қизларнинг 12 нафари такроран зўравонликка учраган.
Амалда зўравонликдан жабр кўрган шахсга ҳимоя ордери ордер ички ишлар идоралари томонидан 30 кунга берилади Янги қонун билан эса бундай ордернинг муддати суд томонидан 1 йил муддатгача узайтирилиши белгиланмоқда.
Шунингдек, ҳимоя ордери билан зўравонга нисбатан жабрланувчи яшайдиган турар-жой майдони ёки унинг бир қисмидан фойдаланиш, жабрланувчининг иш жойи бошқа жойларга яқинлашишни муайян вақтга чеклаш, муайян жойларда бўлмаслик, наркологик касалликдан даволаниш каби қўшимча мажбуриятлар юклатилиш мумкинлиги белгиланмоқда.
Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмалари томонидан судларга киритиладиган даъволар бўйича давлат божини тўлаш мажбуриятининг мавжудлиги хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш фаолиятига тўсқинлик қилмоқда.
Шу сабабли, Оила ва хотин-қизлар қўмитаси ҳамда унинг ҳудудий бўлинмаларига хотин-қизларнинг ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш мақсадида фуқаролик ишлари бўйича ҳамда маъмурий судларга берган даъволар, аризалар ва шикоятлар юзасидан давлат божидан озод қилинмоқда.
Болаларнинг ҳаёти, соғлиғи ёки ахлоқи учун хавфли бўлган жиноятларни содир этган шахсларнинг ягона реестри тузилиб, ушбу реестрга кирган шахсларнинг таълим, тарбия, болалар соғломлаштириш, спорт ва ижодий ташкилотларида ишлаши ҳамда болалар билан бевосита ишлашни назарда тутувчи фаолият турлари билан шуғулланиши тақиқланмоқда.