"Айбдорга жазо муқаррарлиги таъминланади": Бош прокуратура вафот этган ЙПХ инспектори иши бўйича баёнот берди
10-синф ўқувчиси бўлган қоидабузар аввал ҳам автомашина овозини ноқонуний равишда кучайтириб, мигалка ва сиреналар ўрнатган ҳолда бир неча маротаба жамоат хавфсизлигига қарши ҳуқуқбузарликлар содир этиб келган.

Бош прокуратура Тошкентда 10-синф ўқувчиси уриб кетган инспектор иши бўйича баёнот берди.
Айтилишича, 25 феврал куни Тошкент шаҳар Миробод туманида вояга етмаган шахс томонидан автомашина билан йўл-патрул хизмати инспектори уриб юборилганлиги ҳолати юзасидан қўзғатилган жиноят иши бўйича тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
Дастлабки тергов давомида тўпланган ҳужжатларга кўра, 2010 йилда туғилган вояга етмаган шахс мактабнинг 10-синф ўқувчиси бўла туриб, жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимай, ўз тенгдошлари орасида “Инстаграм” ва бошқа ижтимоий тармоқларда ўзини кўрсатиш, турли хил чет элда ишлаб чиқарилган автомашиналарни мақтаниб намойиш қилиш мақсадида автомашина овозини ноқонуний равишда кучайтириб, мигалка ва сиреналар ўрнатган ҳолда бир неча маротаба жамоат хавфсизлигига қарши ҳуқуқбузарликлар содир этиб келган.
Муқаддам ҳам автомашинани бошқариб, йўл-патрул хизмати ходимларининг тўхташ ҳақидаги қонуний талабига бўйсунмаганлиги учун жорий йилнинг 9 январ куни унинг отаси суд қарорига асосан Маъмурий жавобгарлик тўғрисидаги кодекснинг 47-моддаси (Болаларни тарбиялаш ва уларга таълим бериш борасидаги мажбуриятларни бажармаслик) билан маъмурий жавобгарликка тортилган. Шунга қарамасдан, тегишли хулоса чиқарилмай, ноқонуний ҳаракатлар давом эттирилган.
Хусусан, жорий йил 25 феврал куни соат 21:30 ларда танишининг опасига тегишли бўлган “BМW” русумли автомашина ювиш шохобчасида қолдирилганлигидан хабар топиб, тураргоҳда калити билан қолдирилган автомашинани ҳайдаб кетиб, олиб қочган.
Автомашинани бошқариш давомида жамиятда юриш-туриш қоидаларини қасддан менсимай, Миробод тумани Нукус кўчасида ҳаракатланаётган вақтда пиёдалар ва бошқа ҳаракат иштирокчилари хавфсизлигини таъминлаш мақсадида транспорт оқимини тўхтатиш ҳақида жезл билан ишора берган Йўл-патрул хизмати инспектори Хосилбек Эшназаровнинг қонуний талабига бўйсунмаган.
Барча транспорт воситалари тўхтаган бўлишига қарамасдан, ҳайдовчилик гувоҳномаси ва автомашина ҳужжатларига эга бўлмаган вояга етмаган ҳуқуқбузар жавобгарликдан қочиш мақсадида олди ва ён томонидаги автомашиналарни кескин айланиб ўтиб, авариявий ҳолат юзага келтирган ҳамда хизмат вазифасини бажараётган Йўл-патрул хизмати ходимини автомашинаси билан уриб, унга ҳаёт учун хавфли оғир тан жароҳати етказган ҳолда ҳаракатини давом эттирган.
Шифокорлар томонидан кўрсатилган барча зарур тиббий ёрдамга қарамасдан, 27 феврал куни ходим вафот этди.
Дастлабки тергов ҳаракатлари давомида тўпланган ҳужжатларга кўра, автомашинани бошқарган вояга етмаган шахснинг ҳаракатларида транспорт воситасини олиб қочиш ҳамда жабрланувчининг ўлимига сабаб бўлган қасддан баданга оғир шикаст етказиш аломатлари мавжудлиги аниқланган.
Шу муносабат билан у Жиноят кодексининг267-моддаси 1-қисми ва 104-моддаси 3-қисми “д” бандида назарда тутилган жиноятларни содир этганликда гумон қилинувчи тариқасида жалб этилди.
Ҳозирда гумон қилинувчи вояга етмаган шахс Жиноят-протсессуал кодексининг 221-моддаси тартибида ушланган.
Тергов ҳаракатлари Бош прокуратура томонидан алоҳида назоратга олинган.
Тергов ҳаракатлари ҳар томонлама, тўлиқ ва холисона ўтказилиб, айбдор шахсга нисбатан жазо муқаррарлиги қатъий таъминланади.
Мазкур ҳолат юзасидан ўтказилаётган тергов Ўзбекистонда қонун олдида ҳамма тенг эканини, уни бузган шахслар тегишли жазосини олишини кўрсатади.
