Асадбек Жумаев 10 суткага қамалди
Мазкур шахс интервюсида мигалкалар ва бошқа қонунбузарликлар юзасидан жарима жазоси олганини, бошқалар 15 суткагача қамалиши мумкинлигини айтиб мақтанган.

Қоидабузарлиги сабаб оддий жарима билан қутилганини айтиб мақтанган шахсга жазо белгиланди.
Тюнинг фирмаси ходими Асадбек Жумаев интервюларидан бирида мигалкалар ва бошқа қонунбузарликлариюзасидан жарима жазоси олганини, бошқалар 15 суткагача қамалиши мумкинлигини айтиб чиққанди. У суҳбатда "танка"лари борлигига ҳам шаъма қилган.
Сўнгра, ИИББ унинг ушбу сўзлари учун узр сўраб чиққан видеосини эълон қилди.
Олий суд хабарига кўра, Асадбек Жумаевга (2003 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам маъмурий жавобгарликка тортилган) нисбатан жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг 2026 йил 16 январдаги қарори устидан Мирзо Улуғбек тумани прокуратураси томонидан кассация тартибида протест киритилди.
Бугун Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатида А. Жумаевга оид маъмурий ҳуқуқбузарлик тўғрисидаги иш кассация тартибида кўриб чиқилиб, биринчи инстанция судининг жарима солиш ҳақидаги қарори бекор қилинди.
Тошкент шаҳар судининг қарорига мувофиқ А. Жумаевга МЖтКнинг 195-2-моддаси (ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар ходимларининг фото- ва (ёки) видеотасвирини уларнинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган тарзда бузиб тарқатиш) билан 10 сутка муддатга маъмурий қамоқ жазоси тайинланди.
