Покистон Афғонистон ҳудудига зарбалар йўллади: ўнлаб қурбонлар бор
"Толибон" ҳужумлар Нангарҳор ва Пактия вилоятларидаги тинч аҳоли пунктларига қаратилгани айтди. Покистон эса чегара яқинидаги еттита жангарилар лагерига зарба берганини даъво қилди.

Покистон Афғонистон ҳудудига зарбалар берди, "Толибон" ўнлаб одамларнинг ўлдирилганини даъво қилмоқда.
Афғонистон расмийларининг таъкидлашича, Покистон армияси томонидан Афғонистонда 22 феврал куни кечаси амалга оширилган ҳаво ҳужумларида ўнлаб одамлар, жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлди ва яраланди.
Афғонистон Мудофаа вазирлиги маълумотларига кўра, ҳужумлар Нангарҳор ва Пактия вилоятларидаги тинч аҳоли пунктларига қаратилган. Улар ҳужумларни "Афғонистоннинг ҳудудий яхлитлиги ва халқаро ҳуқуқнинг қўпол бузилиши" деб аташди.
Нангарҳор вилояти расмийлари BBCʼга берган интервьюсида, ҳужумлардан бири Шаҳабуддин исмли эркакнинг уйига урилганини ва унинг оиласининг тахминан 20 аъзоси, жумладан, аёллар ва болалар ҳалок бўлганини айтишди.
Расмий Исломободнинг айтишича, ҳужумлар Покистон-Афғонистон чегараси яқинидаги еттита жангарилар лагери ва бошпаналарига қаратилган.
Покистон Ахборот ва радиоэшиттириш вазирлиги ижтимоий тармоқлардаги баёнотида ҳужумлар тақиқланган "Теҳрик-э-Толибон Покистон" ва "Исломий Давлат-Хорасон вилояти" ташкилотлари аъзоларига, шунингдек, уларнинг филиалларига қаратилганини маълум қилди.
Вазирлик ҳужумларни Покистонда яқинда Кобулда яширинган деб ҳисоблаган гуруҳлар томонидан амалга оширилган худкушлик ҳужумларига "жазоловчи жавоб" деб атади.
Бир неча кун аввал Покистон шимоли-ғарбидаги портлашларда камида 17 киши ҳалок бўлганди.
Ҳодисалар Покистон хавфсизлик кучлари Афғонистон билан чегарадош ҳудудлардаги қўзғолонларга қарши кураш олиб бораётган пайтда содир бўлди. Жавобгарлик Ҳиндистон томонидан қўллаб-қувватланадиган гуруҳга юкланди.
