Афғонистон-Покистон можароси: томонлар ўртасида янги кескинлик вужудга келди
"Толибон" ҳаракати нафақат Афғонистонда, балки Покистонда ҳам мавжуд. Улар ўзларини "Покистон Толибони" деб атайди, Кобул эса ушбу кучларни қўлламаслигини билдирган.

Афғонистон ва Покистон ўртасидаги зиддият янада чигаллашди.
Сўнгги кунларда Афғонистон ва Покистон ўртасидаги кескинлик ортиб, икки қўшни давлат чегарасида ўлимли тўқнашувлар юз берди.
Исроил ва Фаластин ўртасидаги уруш эндигина сусайган бир пайтда, энди Жанубий Осиёда янги ҳарбий кескинлик кузатилмоқда. Отишмалар ўтган пайшанба куни Кобул ва Афғонистоннинг Пактика вилоятида рўй берган ҳужумлардан сўнг бошланган.
Тарихийга назар ташласак, Афғонистон ва Покистон ўртасидаги муносабатлар узоқ йиллардан бери мураккаб. 1893 йилда инглиз дипломати Мортимер Дюранд ва Афғон амири Абдураҳмонхон ўртасида чизилган Дюранд чизиғи ҳозирги чегарани белгилаб берган. Афғонистон бу келишувни мустамлакачилик даврида мажбуран тузилган деб ҳисоблаб, уни расман тан олмаган. Покистон эса ушбу чизиқни халқаро чегара сифатида кўради.
Покистон 1947 йилда мустақилликка эришганидан кейин Афғонистон “Пуштунистон” номли мустақил давлат тузиш ғоясини илгари сурган. У Покистондаги пуштун аҳолиси яшайдиган ҳудудларни ўз ичига олган бўларди. Бу эса икки мамлакат ўртасидаги ишончни янада заифлаштирган.
Жангарилар омили
Сўнгги ўн йилликларда икки давлат чегарасида турли жангарилар гуруҳлари фаолият юритиб келади. "Толибон" ҳаракатлари нафақат Афғонистонда, балки Покистонда ҳам мавжуд бўлиб, улар ўзларини Покистон Толибони (Теҳрик-э-Талибан Пакистан — ТТП) деб атайди.
Покистон ҳукумати Афғонистонни ТТП жангариларини паноҳга олганликда айблаб келади. 2021 йилда Толибон Афғонистонда ҳокимият тепасига келганидан сўнг, Покистон бу хавфни янада кучайган деб ҳисоблаган. Афғонистон эса бундай айбловларни рад этиб, “биз Покистон Толибонини қўллаб-қувватламаймиз” деган баёнот берган.
Сўнгги воқеалар
2025 йил 9 октябр куни Хайбер-Пахтунхва вилоятида Покистон аскарларига ТТП томонидан ҳужум уюштирилгани ҳақида хабар берилди. Шундан сўнг Покистон Кобулга ҳаво зарбаси уюштириб, ТТП етакчиси Нур Вали Меҳсудни нишонга олди.
Орадан бир неча кун ўтиб, Афғонистон жавоб зарбалари берди. Расмий маълумотларга кўра, бу ҳужумларда камида 23 нафар покистонлик ва 9 нафар афғон аскари ҳалок бўлган. Ҳар икки томон ҳам йўқотишлар сони бундан кўпроқ эканини билдирган.
Тўқнашувлар ҳозирча тўхтаган бўлса-да, чегарада вазият кескинлигича қолмоқда.
Томонларнинг позицияси
Покистон томони: “ТТП Афғонистондан бизга ҳужум қилди, биз фақат ўзимизни ҳимоя қилдик,” дея баёнот берган. Афғонистон томони эса: “Покистон бизнинг ҳудудимизга ноқонуний ҳаво зарбаси уюштирди, шунинг учун урушни улар бошлади,” дея жавоб қайтарган.
Яъни, ҳар икки давлат бир-бирини айбламоқда: ТТП ҳужумлари можарони бошлаб берган бўлса, Покистоннинг ҳаво зарбаси уни очиқ қуролли тўқнашувга айлантирган.
Ҳозирги ҳолат
Ҳозирча томонлар ўртасида вақтинчалик сулҳ амал қилмоқда. Бироқ кескинлик юқори бўлиб қолмоқда. Покистон Афғонистонни ТТПГА қарши қатъий чоралар кўришга чақирмоқда, Афғонистон эса “биз уларни назорат қилмаймиз, суверенитетимизни ҳурмат қилинг” дея жавоб берди.