Бухорода фуқаро мингдан ошиқ патронни ноқонуний сақлаб юргани аниқланди
Ҳолат юзасидан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.

Ноқонуний сақланаётган 1100 дона патронлар олинди.
Давлат хавфсизлик хизматининг Навоий вилояти бўйича бошқармаси ва Ички ишлар органлари ходимлари ҳамкорлигида ўқотар қуролларнинг ноқонуний айланмасига қарши курашиш йўналишида Конимех туманида тезкор тадбир ўтказилган.
Унда Бухоро вилоятининг Ғиждувон туманида яшовчи, 1989 й.т. шахсга тегишли “Оникс” русумли автотранспорт воситаси кўздан кечирилди.
Натижада, автомашина юкхонасида 500 дона 5,6 мм калибрли отиш учун яроқли бўлган патронлар борлиги аниқланиб, тегишли тартибда расмийлаштириб олинди.
Шунингдек, тезкор тадбир давом эттирилиб, унинг яшаш хонадонидан ҳам ноқонуний сақланаётган 600 дона 5,6 мм калибрли патронлар ашёвий далил сифатида олинди.
Ҳозирда мазкур шахсга нисбатан Жиноят Кодексининг 248-моддаси (Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи) 3-қисми билан жиноят иши қўзғатилиб, қамоқ эҳтиёт чораси қўлланилди.
Тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.
