Перуда сўнгги ўн йил ичида саккизинчи президент сайланди
Президентлар тез-тез алмашиб туриши мамлакатда сиёсий инқироз чуқурлашганини кўрсатади. Беш ойдан сўнг мамлакатда янги сайловлар бўлиб ўтади.

Хосе Мария Балкасар сўнгги ўн йил ичида Перунинг саккизинчи президенти бўлди.
У коррупция айбловлари сабаб лавозимдан четлатилган муваққат президент Хосе Жерий ўрнини эгаллади. Балкасар беш ой давомида мамлакатни бошқаради ва навбатдаги сайловлар ғолибига ҳокимиятни топширади.
Хосе Мария Балкасар Перунинг сўнгги ўн йил ичидаги саккизинчи президенти этиб сайланди.
18 феврал кечқурун Перу Конгресси депутат Хосе Мария Балкасарни давлат раҳбари лавозимига сайлади. У коррупция айбловлари сабаб лавозимга киришганига атиги тўрт ой бўлган муваққат президент Хосе Жерий лавозимидан четлатилганидан бир кун ўтиб унинг ўрнини эгаллади.
83 ёшли, собиқ судья бўлган Балкасар чап қанотдаги "Peru Libre" партияси вакили ҳисобланади. У 130 аъзодан иборат парламентда кўпчилик овозини қўлга киритиб, яна уч нафар номзодни ортда қолдирди.
Перудаги президентлар тез-тез алмашиб туриши мамлакатда сиёсий инқироз чуқурлашганини кўрсатади. Сиёсий етакчиларнинг парламентда барқарор кўпчиликка эга эмаслиги сабаб қонунчилар конституциядаги “доимий маънавий лаёқатсизлик” ҳақидаги модданинг кенг талқинидан фойдаланиб, амалдаги президентларни лавозимдан четлатиб келмоқда.
Қарийб 30 йиллик суд тизимидаги тажрибага эга бўлган Балкасар парламент президенти Фернандо Роспиглиоси томонидан овоз беришдан сўнг дарҳол қасамёд қилдирди.
У мамлакатни атиги беш ой бошқаради ва навбатдаги сайловлар ғолибига ҳокимиятни топширади. Перу фуқаролари 12 апрель куни янги президент ва парламентни сайлайди. Агар номзодлардан бири 50 фоиздан ортиқ овоз тўплай олмаса, июнь ойида иккинчи босқич сайловлари ўтказилади.
Балкасарнинг вориси мамлакатда кескин ошиб бораётган қотилликлар ва товламачилик жиноятларига қарши курашиш вазифасига дуч келади. Ушбу ҳолат айниқса кичик бизнес эгалари ва ишчи қатламига жиддий зарар етказмоқда.
Аввалроқ Конгресс 17 февраль куни консерватив қарашдаги муваққат президент Хосе Жерийни лавозимидан четлатиш учун овоз берган эди. 2021 йилдан буён фаолият юритаётган амалдаги парламент шу вақт ичида уч нафар давлат раҳбарини — Педро Кастилло, Дина Болуарте ва Хосе Жерийни импичмент орқали лавозимдан четлатди.
2025 йил октябрида Жери Конгресс президенти бўлиб ишлаган ва вице-президентлар йўқлиги сабаб ҳокимият меросхўрлиги тартибига кўра Дина Болуартенинг ўрнини эгаллаган эди.
Унинг лавозимдан олиниши хитойлик тадбиркорлар, жумладан давлат пудратчилари билан яширин учрашувлар ўтказгани ҳақидаги маълумотлар ошкор бўлгач юз берди. Жерий бу учрашувлар фақат Перу–Хитой фестивальи ташкилотига оид бўлганини таъкидлади.
Перу Бош прокуратураси Жерий устидан хусусий манфаатларни ноқонуний қўллаб-қувватлаш ҳамда давлат манфаатларига зид равишда таъсир ўтказиш эҳтимоли бўйича иккита дастлабки терговни бошлаган.
