Олмалиқдаги мактабда ўқувчи қиз вафот этди
Ўқувчи мактаб йўлагида ҳушини йўқотган. Дастлабки тиббий ёрдамларга қарамай ўқувчи вафот этган.

Олмалиқдаги мактабда ўқувчи қиз вафот этди. Тошкент вилояти мактабгача ва мактаб таълими бошқармаси хабарни тасдиқлади.
Ижтимоий тармоқларда Олмалиқ шаҳридаги мактаб ўқувчисининг вафоти билан боғлиқ турли хабарлар ва муҳокамалар юзасидан баёнот берилган.
Жорий йилнинг 28 январ куни Олмалиқ шаҳридаги 5-сонли умумтаълим мактабида нохуш ҳолат юз берган. Мактабнинг 10-синф ўқувчиси (2009 йилда туғилган) К. Е. мактаб йўлагида ҳушини йўқотган. Дастлабки тиббий ёрдамларга қарамай ўқувчи вафот этган.
Айни пайтда ҳуқуқ тартибот органлари томонидан ҳодиса юзасидан суриштирув ишлари олиб борилмоқда.
Айрим хабарларга кўра, ушбу ўқувчи билан синфдош бўлган оналардан бири бунга мактабда ўтказилган "тарбиявий" суҳбат сабаб бўлгани ҳақида хабар берган. Расмийлар ҳолат ўрганилаётганини маълум қилиб, текширувлар якунигача тасдиқланмаган маълумотларни тарқатмасликни сўради.
Якуний хулосалар расмий текширувлар ниҳоясига етгач эълон қилинади, дейилади хабарда.