platina.uz
Жамият

Наманганда ўрмон хўжалиги мансабдорлари қўлга олинди

Улардан бири 20 сотих ерни фуқарога турар-жой сифатида расмийлаштириб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари олган вақтида ушланган. Мазкур иш доирасида Давлат кадастрлар палатаси мутахассиси ҳам қўлга тушди. 

Наманганда ўрмон хўжалиги мансабдорлари қўлга олинди

Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалиги мансабдор шахслари билан боғлиқ ноқонуний ҳолатлар аниқланди.

Жорий йилнинг январ ойи бошида тузилган ишчи гуруҳ томонидан ўрмон хўжалиги ерларидан мақсадли фойдаланиш борасида Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалигига тегишли ҳудудларда текширув ишлари ўтказилди.

Унга кўра, муассаса мансабдор шахсларининг ўз вазифаларига совуққонлик билан ёндашувлари натижасида – хўжалик ер майдонларини ижарага олган 5 нафар тадбиркор томонидан тегишли ташкилотлар рухсатисиз, ўзбошимчалик билан бино ва иншоотлар қурилиб, ер участкасининг ихтисослашуви ўзгартирилиши оқибатида давлат манфаатларига жиддий зарар етказилган.

Бундан ташқари, 460 нафар ижарачилардан ижара пуллари ундирилмаганлиги оқибатида давлат манфаатларига 1 млрд 480 млн сўм зарар етказилган.

Энг ачинарлиси, ўрмон хўжалиги мансабдорлари айрим ижарачилар билан тил бириктириб, 2023-2025 йиллар давомида жами 5356 метр/куб норуда материалларни ноқонуний қазиб олиб, давлатга 1 млрд 322 млн сўмлик зарар етказишган.

Аниқланган ҳолатлар юзасидан Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалиги мансабдор шахслари ва бошқаларга нисбатан Жиноят Кодексининг 193, 196-1, 207 ва 229-моддалари билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Давлат хавфсизлик хизматининг Наманган вилояти бўйича бошқармаси ҳамда Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти ҳамкорлигида ўтказилган тезкор тадбирда Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалигининг бўлим ўрмонбегиси муқаддам хўжалик балансида бўлган ва кейинчалик туман ҳокимлиги захирасига қайтарилган ерлардан 20 сотих қисмини танишлари орқали, Чуст туманида яшовчи, 1998 й.т. фуқарога турар-жой сифатида расмийлаштириб бериш эвазига 15 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Сўнгра тезкор тадбир давом эттирилиб, ушбу пул маблағидан 500 АҚШ долларини олган вақтида Давлат кадастрлар палатасининг Поп туман филиали мутахассиси ушланди.

Ҳозирда мазкур шахсларга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Поп ихтисослаштирилган давлат ўрмон хўжалиги директори вазифасини вақтинча бажарувчи шахс хизмат мавқеидан фойдаланиб, ер участкаларини электрон онлайн-аукцион орқали ижарага бериш тартибини бузган ҳолда, маҳаллий тадбиркорга хўжалик балансидаги 50 сотих ер майдонини шартнома асосида ижарага бериш эвазига 10 минг АҚШ доллари талаб қилиб, олдиндан 5 минг АҚШ доллари олган вақтида ашёвий далиллар билан ушланди.

Ҳозирда унга нисбатан Жиноят Кодексининг 168-моддаси 3-қисми “в” банди билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари олиб борилмоқда.

Афсуски, ушбу мансабдор шахс муқаддам бир неча бор судланган бўлишига қарамасдан, берилган имкониятлардан тўғри фойдаланмаган.

Аввалроқ Наманганда театр ходимлари қўлга олинганди. Улар иш стажи ёзиб бериш ва пенсияга чиқариб қўйиш ваъдаси эвазига 800 доллар талаб қилгани айтилган.

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid