Тошкентда банкир ва унинг шериклари 120 минг доллар кредитни қиморга тикиб юборди
Ҳолат юзасидан ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш бўйича жиноят иши очилган.

Тошкент шаҳрида 120 000 АҚШ долларини интернет тармоқларидаги қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинга тикиб талон-торож қилган шахслар фош этилди.
Бош прокуратура ҳузуридаги Департаментнинг Яшнобод тумани бўлими томонидан тижорат банкининг мурожаатига асосан терговга қадар текширув ўтказилган.
Унда Яшнобод банк филиалида бўлим бошлиғи вазифасида ишловчи Э.Н. “A.” МЧЖ масъул шахслари ва бошқалар билан ўзаро тил бириктириб, “B.B.” МЧЖга 120 000 АҚШ доллари кредит ажратилишига эришиб, кейинчалик сохта ҳужжатларни расмийлаштириш орқали кредит маблағини нақдлаштириб олган. Сўнгра 120 000 АҚШ долларини интернет тармоқларидаги қимор ва таваккалчиликка асосланган ўйинларга ишлатиб, талон-торож қилганликлари аниқланган.
Мазкур ҳолат юзасидан Жиноят кодексининг 167-моддаси (ўзлаштириш ёки растрата йўли билан талон-торож қилиш) ва 228-моддаси (ҳужжатлар, штамплар, муҳрлар, бланкалар тайёрлаш, уларни қалбакилаштириш, сотиш ёки улардан фойдаланиш) билан жиноят иши қўзғатилиб, тергов ҳаракатлари ўтказилмоқда.
