platina.uz

Букмекерлик: тарих, ҳозирги ҳолат ва саҳна ортидаги сирлар

Букмекерлик тарихи фақат фойда ёки зарардан иборат эмас, унинг ортида такомиллашган қонунчилик механизми бўлишини шарт қилувчи улкан ижтимоий ва иқтисодий муаммолар яшириниб ётади.

Таҳлил
5 январь, 12:31
Букмекерлик: тарих, ҳозирги ҳолат ва саҳна ортидаги сирлар
Фотоколлаж: Platina.uz

Аввалроқ хабар қилганимиздек, жорий йилнинг 1 январидан букмекерлик фаолиятига рухсат этилди.

Маълумки, 2024 йил 19 апрелда "Лотереялар ва таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва ўтказишни тартибга солишни такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида"ги президент фармони қабул қилинган эди. Мазкур фармон асосида 2025 йил 1 январдан интернет тармоғида таваккалчиликка асосланган ўйинларни ташкил этиш ва букмекерлик фаолиятини амалга оширишга рухсат берилди.

Мазкур қадам турли ижтимоий қатлам вакиллари томонидан турлича талқин қилинди. Айримлар буни замондан орқада қолмаслик ва давлат бюджетини тўлдириш воситаси дея баҳолашди. Айримлар эса ижтимоий муаммоларга сабаб бўлишидан хавотир олишмоқда.

Аслини олганда, қадимги қимор ўйинлари пойдевори устида шаклланган букмекерлик фаолияти кўп асрлик тарихга эга. Букмекерлик фаолияти қадимги цивилизацияларда пайдо бўлганидан то замонавий глобал ҳодисагача бўлган узоқ йўлни босиб ўтган. Айрим жамиятлар ва динлар қиморни тақиқлашга уринган бўлса, бошқаларида унга оддий ўйин ва қўшимча даромад манбаи сифатида қаралган. Ҳолбуки, букмекерлик тарихи фақат фойда ёки зарардан иборат эмас, унинг ортида такомиллашган қонунчилик механизми бўлишини шарт қилувчи улкан ижтимоий ва иқтисодий муаммолар ҳам яшириниб ётади.

Букмекерлик фаолияти тарихи

Букмекерлик чуқур тарихий илдизларга эга. Қадимги Юнонистон ва Римда Олимпия ўйинлари ва гладиатор жанглари каби спорт мусобақалари устидан ким ғолиб бўлишини тахмин қилган ҳолда гаров ўйнаб, пул тикишган бўлса, ажаб эмас. Лекин букмекерликнинг биз тасаввур қиладиган замонавий шакли, айтиш мумкинки, дастлабки прототиплари XVIII асрда Aнглияда от пойгаларига гаров тикилган пайтда пайдо бўлган. Шу боис Буюк Британия замонавий букмекерлик саноатининг ватани ҳисобланади.

XIX асрга келиб букмекерлик бокс, футбол ва теннис каби спорт турларини қамраб олган ҳолда бутун дунёга тарқала бошлади. Бу соҳа тараққиётининг муҳим босқичи – қатъий чегараланган коэффициентларнинг пайдо бўлиши бўлди. Бу эса пул тикиш жараёнини ўйинчилар учун янада шаффофлаштириб, иштирокчилар учун “башорат қилиш” имкониятини оширди. XX асрда технологиялар ва Интернетнинг ривожланиши билан саноат маҳаллий дов тикиш пунктларидан глобал онлайн платформаларга айланиб, ҳақиқий инқилобни бошдан кечирди.

Ҳозирги вазият

Бугунги кунда жаҳон миқёсида ўйинларга дов тикиш бозори ҳар йили 250 миллиард доллардан ошади. 2023 йилда букмекерлик идораларининг даромадлари қарийб 80 миллиард долларни ташкил этди. Айни пайтда AҚШ, Буюк Британия, Aвстралия ва Хитой давлатлари спорт ўйинларига дов тикиш ҳажми бўйича етакчи бўлиб қолмоқда. Масалан, АҚШда спорт ўйинларига пул тикиш бозори 2023 йилга келиб 13 миллиард долларгача ўсган.

Ҳозирда букмекерлик фаолияти фақат анъанавий спорт ўйинлари билан чекланиб қолмаган. Бозордаги Bet365, William Hill, FanDuel ва 1xBet каби йирик иштирокчилар ўз мижозларига спорт ўйинларига, электрон спорт, виртуал ўйинлар ва ҳаттоки сиёсат ва шоу-бизнес билан боғлиқ тадбирларни ўз ичига олган кенг кўламли фаолият турлари бўйича гаров ўйнаб, пул тикиш хизматларини таклиф қилишмоқда. Виртуал платформалар ва мобил иловалар 24/7 режимида дов тикиш имкониятини беради, бу эса иштирокчилар сонининг муттасил ўсиб боришига, пироварида бу феномен билан боғлиқ муаммоларнинг жиддийлашувига ҳам сабаб бўлмоқда.

Букмекерлик идоралари ўзлари фаолият юритувчи давлатларнинг бюджети учун йирик донорлар ҳисобланади. Солиқларга келсак, улар турли мамлакатларда турлича. Мисол учун, Буюк Британияда букмекерлар ялпи даромаднинг 15 фоизини тўлашлари шарт, AҚШда эса солиқ ставкалари штатга қараб 6 фоиздан 20 фоизгача ўзгариб туради. Баъзи мамлакатларда, масалан, Россияда ўйинчилар олган ютуқ суммаси ҳам даромад солиғига тортилади.

“Ой”нинг кўринмас тарафи

Букмекерлик фаолияти аксарият давлатларда қонунчилик билан тартибга солинганига қарамасдан, кенг жамоатчилик нигоҳи ва муҳокамаларидан четда қолувчи “қоронғу” жиҳатларни ҳам ўз ичига олади.

1. Бошқа одамларнинг пулларидан фойдаланиш: руҳий қарамлик ва жиноятчилик: баъзи ўйинчилар дов тикиш учун зарур суммани қарз кўтаришади, пенсия жамғармаларидан ёки учинчи шахсларнинг банк депозитларидан пул тикиш учун фойдаланадилар. Масалан, Ўзбекистонда йирик пул жамғармаларини бошқариш имкониятига эга айрим мансабдор шахсларнинг бошқалар пенсияси, маоши ёки жамғармаларини онлайн букмекерлик учун тикиб юборишгани ҳақида хабарлар чиқиб туради. Бундай шахслар, шунингдек, ўз жамғарларининг ҳаммасини онлайн қимор ўйинларига тикиб, пулига “куйиб қолган” шахслар руҳий инқироз натижасида ўз жонига қасд қилишгани ёхуд пул топиш мақсадида қотиллик, ўғирлик ва товламачилик каби жиноятларга қўл уришганига мисоллар талайгина. Бундай ҳолатлар энг камида қарзга ботиш ва молиявий банкротликка олиб келиши энди янгилик эмас. Мисол учун, 2022 йилда AҚШда ўйинчиларнинг тахминан 20 фоизи пул тикиш учун қарз олишга мажбур бўлишганини тан олишган. Чунки қимор ўйинларида ютқизган шахс пулларини “қайтариб” олиш учун яна пул топиб, ўйинга тикади ва баттар муаммолар гирдобига ботади.

2. Ижтимоий оқибатлар: Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотларига кўра, дунё аҳолисининг тахминан 1% қимор ўйинларига қарамликдан азият чекади, бу тахминан 80 миллион киши деганидир. Aвстралия каби юқори дов ставкалари рухсат этилган мамлакатларда ҳар йили 400 га яқин одам пул тикиш билан боғлиқ муаммолар туфайли ўз жонига қасд қилади.

3. Манипуляция: букмекерлар рискни бошқариш учун коэффициентларни фаол равишда ўзгартиради. Мисол учун, битта ўйинга кўп миқдорда гаров тикилса, букмекерлик идорасининг эҳтимолий йўқотишларни камайтириш учун ютуқ коэффициентлари камаяди. Бу ўйинчиларни чалкаштириши ва руҳий тушкунликка солиши мумкин. Айтайлик, Ҳабиб Нурмагомедов ва Конор Макгрегор ўйинига пул тикканларнинг аксарияти Ҳабиб ғалаба қозонишига ишонган. Бироқ Ҳабиб ютганидан кейин ютувчилар кўплиги боис, ютуқ суммасининг коэффицентлари автоматик равишда камаяди ва бу дастлабки умидларни пучга чиқаради.

4. Букмекерликни қонунийлаштириш ва унинг оқибатлари: спорт ўйинларига пул тикишни қонунийлаштириш кўпинча солиқлар орқали давлат даромадларининг ошишига олиб келади, лекин жамиятда қимор ўйинларига қарамлик хавфини оширади.

5. Ноқонуний бозор: букмекерлик фаолияти ҳуқуқий майдонга олиб чиқилганига қарамасдан, ноқонуний бозор кўлами ҳамон катталигича қолмоқда. Интерпол ҳисоб-китобларига кўра, дунёда ноқонуний пул тикиш ҳажми ҳар йили 500 миллиард доллардан ошади.

6. Келишилган ўйинларга рағбат: спорт мусобақаларининг натижаларини тахмин қилишга асосланган пул тикиш фаолияти бозор иштирокчиларини осон ва мўмай, бироқ ноқонуний даромад топишга ундаши мумкин. Масалан, спорт менежерлари ва букмекерлик идоралари жиноий тил бириктирган ҳолда, ютиши аниқ бўлган фаворит спортчилар ёки спорт жамоаларининг атайлаб ютқизиб беришини уюштиришади. Бундан аввал эса ютиш эҳтимоли кам жамоа ёки спортчига пул тикишади ёки бу инсайдерлик маълумотини хуфёна пуллашади. Натижада аксарият ўйинчилар ютқизади, виждонсиз букмекер ва спорт менежерлари (ёхуд уларга тегишли шахслар) катта ютуқни қўлга киритишади.

Қизғин мухлислик сабабчиси

Ҳозирги шаклдаги букмекерлик фаолияти собиқ СССР давлатларига Совет иттифоқи парчаланиб, капитализмга ўтиш ортидан кириб келган бўлса-да, социалистик лагерда ҳам ўзига хос қонуний қимор ўйинлари бўлган. Лотереялардан ташқари, отчопарларда от пойгалари ҳамда “Спортлото” ва “Спринт” каби ўйинлар шулар жумласидандир.

Бироқ “Спортлото” ва “Спринт” ўйинлари шунчаки маълум рақамларни олдиндан тахмин қилиб топиш механизми устига қурилган. Спорт мусобақаларининг натижаларига эътибор қаратилмаган.

Ғарбда футбол ёки бошқа спорт турлари томошабинларининг “жинниларча” мухлислик қилишларини кўриш – шундай тарзда “фанатлик” қилишнинг совет фуқароларига ҳам юқишига сабаб бўлди. Бироқ советлар Ғарбдаги мухлисларнинг айнан спортга муҳаббат эмас, пул ютиш ва ютқазиш ўртасидаги хавотирлар сабаб шундай "мухлислик" қилишини тасаввур қила олмаган бўлса керак.

Умуман олганда, букмекерлик фаолиятини нафақат кўнгил очиш, балки катта фойда олиш умиди, жиддий хавф ва ижтимоий оқибатларга олиб келадиган соҳа, деб ҳисоблаш мумкин. Ушбу соҳанинг тарихи, ҳозирги ҳолати ва яширин томонларини тушуниш – унинг жамиятга таъсирини кўпроқ англашга ёрдам беради. Айни пайтда эса спорт ўйинларига пул тикиш – руҳий қарамлик, ўйинда шаффофлик ва соҳани қонуний тартибга солиш билан боғлиқ муаммоларни ҳал қилиш вазифасини устувор қилиб қўяди. Мамлакат иқтисоди учун фойда ва жамиятнинг ахлоқий қиёфасини сақлаш ўртасидаги дилемма аҳамиятини янада кучайтиради.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 97 022 01 10 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+