Ўзбекистон ва Туркия биринчи хонимлари "Анқара Палас" музейи билан танишдилар
Музей экспозициясида тўқимачилик намуналари, чинни буюмлар, қўлёзмалар, дипломатик совғалар, республика асосчиси Мустафо Камол Отатуркнинг шахсий буюмлари, шунингдек, Усмонийлар ва республика даврига оид ашёлар мавжуд.

Ўзбекистон ва Туркия биринчи хонимлари "Анқара Палас" музейига ташриф буюрдилар
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Туркия Республикасига расмий ташрифи доирасида мамлакатимиз Биринчи хоними Зироат Мирзиёева Туркия Биринчи хоними Эмине Эрдоған билан биргаликда "Анқара Палас" музейи билан танишди.
Музей экспозициясида тўқимачилик намуналари, чинни буюмлар, қўлёзмалар, дипломатик совғалар, республика асосчиси Мустафо Камол Отатуркнинг шахсий буюмлари, шунингдек, Усмонийлар ва республика даврига оид ашёлар намойиш этилмоқда. Тўпламда халқларимизнинг ўзаро маданий алоқаларидан яққол далолат берувчи Бухоро ҳунармандларининг ижод намуналари алоҳида ўрин эгаллаган.

Ташриф давомида меҳмонларга либослар коллекцияси, анъанавий каштачилик, сопол идишларга нақш чизиш ва қўғирчоқ ясаш жараёнлари намойиш этилди. Зироат Мирзиёева маданий меросни асраб-авайлаш муҳимлигини таъкидлаб, турк халқининг ушбу вазифага алоҳида эътибор билан ёндашишини қайд этди.

Сўнгра икки мамлакат Биринчи хонимлари махсус маросимда иштирок этдилар. Унда давлат раҳбарлари Хатай вилоятида Ўзбекистон томонидан қурилган турар жой мажмуасини очдилар, шунингдек, Истанбулда Ўзбекистоннинг хориждаги биринчи таълим муассасаси бўладиган мактаб қурилишига старт бердилар.