Тўқаев Қозоғистон банклари орқали чиқиб кетган 14 млрд доллар ҳақида гапирди
Молиявий ташкилотлардан бири қўшни мамлакатдан келган 7 триллион тенгедан ортиқ (қарийб 14 миллиард доллар) маблағни ўзи орқали "айлантирган". Қўшни давлат номи очиқланмади.

Қозоғистон Президенти Қосим-Жўмарт Тўқаев Қозоғистон банкларидан бири орқали тахминан 14 миллиард доллар маблағ олиб чиқиб кетилганини маълум қилди.
Бу ҳақда у молиявий жиноятларга қарши курашишга бағишланган йиғилишда айтиб ўтди.
Молиявий ташкилот "қўшни мамлакатдан" келган 7 триллион тенгедан ортиқ (қарийб 14 миллиард доллар) маблағни ўз орқали "айлантирган", деди Тўқаев. Президент давлатни ҳам, банк номини ҳам очиқламаган.
"Афсуски, фирибгарлик молиявий схемалари билан боғлиқ бу каби ҳолатлар кам эмас", — дея таъкидлади президент.
Бу баёнот ўтган йилнинг сентябр ойида Қозоғистонда масофавий тарзда банк карталарини расмийлаштирган россияликларга нисбатан молиявий назорат кучайтирилган бир пайтда янгради.
Оммавий ахборот воситаларининг хабар беришича, бу жиноятларга Россия фуқароларига шахсий идентификация рақамлари (ИИН) олиш ва банк ҳисоб рақамлари очишда ёрдам берган воситачилар алоқадор бўлиши мумкин.
Бу баёнот интернетда қизғин муҳокама мавзусига айланди. “Қайси давлат? Қайси банк?” деган гап-сўзлар, тахминлар ўрчиди. Кўп ўтмай Тўқаевнинг ўша гаплари интернет ресурсларидан ўчирила бошланди, расмий хабар ҳам таҳрирланди.
Президент матбуот котиби эса ушбу шов-шув фонида бугун эрталаб истеъфога чиқарилди.
"14 млрд доллар жуда катта рақам, айниқса, АҚШ ва Европа Иттифоқининг иккиламчи санкциялари хавфи нуқтаи назаридан жиддий қаралади", дея фикр билдирган таҳлилчилар.