Сергелида қурол савдоси билан шуғулланувчи шахс ушланди
Қидирув ишлари давомида ундан 17 хил турдаги турли пневматик қуроллар топилиб, мусодара қилинди. Ҳозирда терговга қадар текширув бошланган.

Сергели туманида ноқонуний қурол савдоси билан шуғулланувчи шахс аниқланди.
Натижада қуролнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилган. Бу ҳақда пойтахт ИИББ матбуот хизмати хабар бермоқда.
Ички ишлар органлари ходимлари ДХХ билан ҳамкорликда махсус тезкор тадбирлар ўтказди. Тадбирлар давомида Сергели туманида яшовчи шахс ушланди.
У газ пистолет ва унга мўлжалланган газ баллонлари ҳамда битта узун ўқли пневматик милтиқни 2000 АҚШ долларига ноқонуний сотмоқчи бўлган. Қидирув ишлари давомида ундан яна 17 хил турдаги турли пневматик қуроллар топилиб, мусодара қилинди. Ушбу ҳолат юзасидан терговга қадар текширув ўтказилмоқда.
Шунингдек, олинган тезкор маълумотларга асосан, Чилонзор туманида яшовчи фуқаро уйида ҳужжатсиз ов милтиқи сақлаётгани аниқланди. Эркак милтиқни ариқдан топганини, лекин уни ҳуқуқ-тартибот органларига топширмаганлигини айтди.
Унга нисбатан Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг "Ўқотар қуролнинг, ўқ-дориларнинг, ўқотар қурол асосий қисмларининг, портловчи моддаларнинг, портлатиш воситаларининг ёки портлатиш қурилмаларининг қонунга хилоф муомаласи" моддасига асосан жиноят иши қўзғатилди.
Учинчи ҳолатда эса, Учтепа туманида вафот этган қариндошининг уйида таъмир ишларини олиб бораётган эркак 200 дона жанговар патрон топди. Шундан сўнг у патронларни ички ишлар органлари ходимларига ихтиёрий равишда топширди. Патронлар экспертизага юборилди.