platina.uz
Жамият

Шавкат Мирзиёев Сергелидаги замонавий тиббиёт маркази ва Ўзгариш маҳалласига борди

Президент йўл-йўлакай Сергели туманидан ўтувчи ер усти метро йўналиши остида ташкил этилган савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти билан ҳам танишди. Туман ҳокимлигидаги вазиятлар марказини пойтахтнинг қолган туманларида ҳам жорий этишга топшириқ берилди. 

Шавкат Мирзиёев Сергелидаги замонавий тиббиёт маркази ва Ўзгариш маҳалласига борди

Президент Шавкат Мирзиёев Сергели туманида жойлашган “Global International Hospital” хусусий кўп тармоқли тиббиёт маркази фаолияти билан танишди.

Мамлакатимизда аҳоли саломатлигини муҳофаза қилиш, тиббий хизматлар сифати ва қамровини ошириш давлат сиёсатининг устувор йўналишларидан. Шу мақсадда соҳага инвестициялар жалб этилиб, тиббиётда хусусий сектор фаолияти ҳам қўллаб-қувватланмоқда.

Мазкур замонавий тиббиёт маркази бугунги кунда аҳолига талаб юқори бўлган кўплаб йўналишлар бўйича тиббий хизмат кўрсатиш имкониятига эга.

Марказни барпо этиш учун 30 миллион доллар инвестиция йўналтирилган. Бу ерда йилига 150 минг нафардан ортиқ аҳолига тиббий хизмат кўрсатиш имконияти яратилади. Умумий майдони 0,5 гектар бўлган муассасада йиллик хизматлар ҳажмини 15 миллиард сўмга етказиш режалаштирилган.

Давлатимиз раҳбарига марказ фаолияти тўғрисида тақдимот қилинди. Президентимиз жарроҳлик, реанимация ва даволаш бўлимлари, ситуацион марказда яратилган шароитларни кўздан кечирди.

Лойиҳа доирасида 250 та янги иш ўрни яратилган. Жамоада хорижда малака оширган 10 нафардан зиёд юқори малакали мутахассис ва чет эллик шифокорлар ҳам бор.

Марказ Буюк Британия, Италия ва Германиядан келтирилган замонавий тиббий жиҳозлар билан таъминланган. Хусусан, муассасага PHILIPS компаниясининг илғор тиббий технологиялари ўрнатилган.

Давлатимиз раҳбари марказни айрим йўналишлар бўйича таянч тиббиёт муассасасига айлантириш муҳимлигини таъкидлади. Бу ерда тўпланадиган илғор тажриба асосида шифокорлар малакасини ошириш ва замонавий тиббий хизматлар қамровини кенгайтириш юзасидан мутасаддиларга кўрсатмалар берилди.

Президентимиз марказ ходимлари билан мулоқот қилди. Соҳада меҳнат қилаётган мутахассисларни қўллаб-қувватлаш, хусусий тиббиёт ташкилотлари сонини кўпайтириш ҳамда аҳолига сифатли, замонавий ва самарали тиббий хизмат кўрсатиш масалаларига алоҳида эътибор қаратилди.

– Ҳар бир беморга сифатли ва муносиб хизмат кўрсатиш билан бирга, тиббий ва туризм хизматларини уйғунлаштириш зарур. Бу йўналишни кенг тарғиб қилиш, хориж тажрибасини ўрганиб, шифохоналар ҳузурида меҳмонхона инфратузилмасини ривожлантириш керак, – деди давлатимиз раҳбари.

Президент Шавкат Мирзиёев пойтахтимизнинг Сергели туманидаги Ўзгариш маҳалласида амалга оширилган бунёдкорлик ишлари ҳамда ер усти метро йўналиши остида ташкил этилган савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти билан танишди.

Инсон қадрини улуғлаш ва аҳоли фаровонлигини таъминлашга қаратилган изчил ислоҳотлар бугун маҳаллалар қиёфасида, одамларнинг кундалик ҳаётида яққол намоён бўлмоқда.

Ўзгариш маҳалласи бу борадаги янгиланишларнинг ёрқин намунасидир. Ушбу ҳудудда 45 та кўп қаватли уй, 1 минг 620 та хонадон мавжуд. Уларда 6 минг 700 нафардан зиёд аҳоли истиқомат қилади.

Маҳаллада йиллар давомида тўпланиб қолган муаммолар босқичма-босқич ҳал этилиб, замонавий инфратузилма ва қулай ижтимоий муҳит яратилди. Хусусан, 10 та болалар майдончаси, мини-футбол майдони, 2 та саломатлик ҳудуди барпо этилди.

Давлатимиз раҳбари маҳаллада ташкил этилган замонавий когенерация маркази фаолияти билан ҳам танишди.

Қайд этилганидек, ушбу марказ куз-қиш мавсумида маҳалланинг иссиқлик ва электр энергияси таъминоти барқарорлигига хизмат қилади. Когенерация технологияси орқали табиий газдан аввал электр энергияси олинади, сўнг ажралган иссиқлик сув ва хонадонларни иситишга йўналтирилади. Бу энергия самарадорлигини ошириб, исрофгарчиликни камайтиради.

Лойиҳанинг умумий қиймати 5,8 миллион долларни ташкил этади. Бу ерга Германияда ишлаб чиқарилган замонавий газ-поршенли қурилмалар ва қозонлар ўрнатилган. Марказ йилига 18,4 миллион киловатт-соат электр энергияси ва 80 минг гигакалория иссиқлик энергияси ишлаб чиқариш имконига эга.

Лойиҳа доирасида 2 километр узунликдаги юқори кучланишли электр линияси қурилиб, умумий тармоққа уланди. Натижада туман марказий электр тармоғидаги юклама 3 фоизга камайди. Марказ ишга тушиши билан 10 та доимий иш ўрни яратилди.

Шу билан бирга, маҳалланинг умумий инфратузилмаси ҳам тубдан янгиланди. 1,4 километр пиёдалар йўлаклари барпо этилди, 12 та кўп қаватли уйнинг фасад қисми таъмирланди, ички йўлларга асфальт ётқизилди. Ҳудудни кўкаламзорлаштириш мақсадида 2 минг 720 туп манзарали дарахт ва бута кўчатлари экилди.

Президентимиз “маҳалла еттилиги” ва ҳудуд фаоллари билан самимий суҳбатлашди. Бу ердаги ўзгаришлар аҳоли учун муносиб турмуш шароити яратиш, маҳаллани обод ва хавфсиз масканга айлантиришга қаратилган ишлар натижаси экани таъкидланди.

– Кенг кўламли бунёдкорлик ишларимиз айнан мана шу Сергели туманидан бошланган эди. Ўз вақтида бу ҳудудга замонавий метро линиясини олиб келиш ташаббусини илгари сурганимизда, ушбу йирик лойиҳанинг истиқболига шубҳа билан қараганлар ҳам бўлгани сир эмас.

Бироқ бугун мана шундай кўркам ва обод масканларни, энг муҳими, сиз каби азиз юртдошларимизнинг мамнун чеҳраларини кўриб, танлаган йўлимиз қанчалик тўғри бўлганига яна бир бор ишонч ҳосил қиламиз. Бугунги ташрифимиздан мақсад ҳам сизлар билан бевосита мулоқот қилиш, таклиф ва ташаббусларингизни тинглашдир, – деди Президентимиз.

Давлатимиз раҳбари йўл-йўлакай Сергели туманидан ўтувчи ер усти метро йўналиши остида ташкил этилган савдо ва хизмат кўрсатиш объектлари фаолияти билан ҳам танишди.

Замонавий шаҳарсозликда мавжуд инфратузилмадан оқилона фойдаланиш, бўш майдонларни аҳоли учун қулай, иқтисодиёт учун самарали масканларга айлантириш муҳим аҳамиятга эга. Шу мақсадда ер усти метро йўли остидаги 5,7 гектар майдон тубдан янгиланди.

Бу ерда 137 та тадбиркорлик субъекти ташкил этилиб, 250 та янги иш ўрни яратилди. Метро остида 4 километр пиёдалар ва велосипед йўлаги, 2 та болалар майдончаси ва спорт зоналари ташкил қилинди. Аҳоли ҳордиқ чиқариши учун 100 та ўриндиқ ва 40 та замонавий манзарали чироқ ўрнатилди.

Президент Шавкат Мирзиёев Сергели тумани ҳокимлигига ташриф буюрди.

Давлатимиз раҳбарига дастлаб ҳокимлик биносида туман идораларининг “ягона дарча” тамойили асосида ташкил этилган фаолияти ҳақида маълумот берилди. Туман ҳокимлиги биносида ҳокимликдан ташқари яна 5 та ташкилот фаолият юритиб, улар томонидан аҳоли ва тадбиркорларга 30 дан ортиқ турдаги давлат хизматлари кўрсатиб келинмоқда.

Хусусан, Ички ишлар вазирлигига онлайн мурожаат қилиш қурилмаси аҳоли учун анча енгилликлар яратади. Ушбу тизимдан мурожаат йўлланганда навбатчи инспектор видеоалоқа орқали мурожаат қилувчи билан боғланади. Мурожаат автоматик рўйхатга олинади. Мурожаатчи иш натижаси, инспектор муомаласи, ҳаракати ҳақида ўзининг баҳосини қўяди.

Давлатимиз раҳбари бундай “ақлли” қурилмаларни аҳоли гавжум жойлар, бозор ва бошқа объектларга кўпроқ ўрнатиш бўйича топшириқ берди.

Ҳокимликда вазиятлар маркази ташкил этилган. Сунъий интеллект асосида таҳлил қилиш, муаммоларни тезкор аниқлаш ва ҳал этиш бўйича “Ақлли туман” платформаси ишга туширилган. Вазиятлар марказида 17 та ахборот тизими ўзаро боғлангани аҳоли билан ишлашни янги босқичга олиб чиқади.

Бу ерда ижтимоий ва коммунал муаммолар мониторинг қилинади, аҳоли мурожаатларининг ижроси назоратга олинади, фавқулодда ҳолатларда тегишли хизматлар фаолияти тезкор бошқарилади ва мувофиқлаштирилади.

Вазиятлар марказини ишга тушириш доирасида туманнинг 46 маҳалласи билан видеоконференцалоқа йўлга қўйилган ва марказ билан интеграция қилинган. Шунингдек, тумандаги 25 мактаб вазиятлар марказига интеграция қилинмоқда.

Платформа таркибидаги “Хавфсиз туман” тизими ҳуқуқбузарликларни мониторинг қилиш ва жамоат хавфсизлигини таъминлашга хизмат қилади.

Тадбиркорлик субъектларининг рақамли харитаси сунъий интеллект таҳлили асосида солиқ тушумларини прогноз қилиш ва уларнинг йиғилувчанлигини таъминлашга қаратилган. “AI Davomat” тизими эса мактабларда сабабсиз дарс қолдириш ҳолатларини бартараф этиш, вояга етмаганлар ўртасида назоратсизликнинг олдини олишда муҳим аҳамият касб этади.

Президентимиз вазиятлар маркази фаолияти билан танишиб, ушбу янги тизимни пойтахтнинг қолган туманларида ҳам жорий этишга топшириқ берди. Шу ернинг ўзида Тошкент шаҳрида таълим тизими, қурилиш соҳасини рақамлаштириш, яширин иқтисодиётни қисқартириш ва солиқларнинг йиғилувчанлигини ошириш, жамоат хавфсизлиги таъминлаш бўйича мутасаддиларнинг ҳисоботлари эшитилди.

Телеграмда кузатиб боринг!
© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid