Президентнинг Швейцарияга ташрифи якунланди
Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одил Рено-Бассо билан учрашув ўтказди, Тинчлик кенгаши Низомини имзолаш маросимида иштирок этди.

Давосдаги тадбирлар доирасида Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев Европа тикланиш ва тараққиёт банки президенти Одил Рено-Бассо билан учрашув ўтказди.
Ушбу етакчи молия институти билан стратегик шерикликни янада чуқурлаштириш ва ҳамкорликни кенгайтиришнинг амалий жиҳатлари муҳокама қилинди.
Банкнинг мамлакатимиз билан ҳамкорлиги барқарор стратегик тусга эга. Ўзбекистон ЕТТБнинг минтақадаги энг йирик ҳамкори бўлиб қолмоқда. Банкнинг инвестициялари ҳажми қарийб 7 миллиард долларга етди.
2025 йилда амалиётлар, шу жумладан, хусусий секторга йўналтирилган маблағларнинг ҳажми 1 миллиард доллардан ошди.

ЕТТБнинг “яшил” энергияни ривожлантириш, транспорт инфратузилмасини модернизация қилиш, экологик дастурларни амалга ошириш, молия бозорини ислоҳ қилиш ва тадбиркорликни ривожлантиришга қўшаётган ҳиссаси юқори баҳоланди.
Жорий йил учун ҳамкорликнинг устувор йўналишлари, жумладан, хусусий сектор ва инфратузилмани ривожлантириш, темир йўл транспортини рақамли трансформация қилиш ҳамда бошқа масалалар белгилаб олинди.
Аёллар ва ёшларни замонавий касблар ва бизнесга ўқитиш бўйича дастурларни давом эттиришга алоҳида эътибор қаратилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Швейцариянинг Давос шаҳрида бўлиб ўтган тадбирлардаги иштирокини якунлади.
Бугун давлат раҳбари Тинчлик кенгаши Низомини имзолаш маросимида иштирок этиб, тадбир доирасида қатор учрашув ва суҳбатлар ўтказди.
Амалий ташриф тугагач, Ўзбекистон Президенти Цюрих халқаро аэропортидан Тошкентга жўнаб кетди.