platina.uz
Жаҳон

Япония собиқ бош вазирини отиб ўлдирган шахс умрбод қамалди

Япония суди 2022 йилда собиқ бош вазир Синдзо Абэга ўқ узган Тетсуя Ямагамини қотиллик ва қуролга оид қонунларни бузишда айбдор деб топди. 

Япония собиқ бош вазирини отиб ўлдирган шахс умрбод қамалди

Японияни ларзага солган суиқасд иши якунланди: собиқ бош вазир Синдзо Абэни ўлдирган шахсга умрбод қамоқ жазоси берилди.

Япония суди собиқ бош вазир Синдзо Абэни 2022 йилда ўлдирган Тетсуя Ямагамини қотиллик ва қуролга оид қонунларни бузишда айбдор деб топиб, умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилди.

Япониянинг энг узоқ муддат (2006-07 ва 2012-2020) бош вазирлик қилган раҳбари Синдзо Абэни суиқасд оқибатида ўлдирган эркак умрбод қамоқ жазосига ҳукм қилинди.

Бу иш мамлакатни ларзага солган ва сиёсий зўравонлик ҳамда кенгроқ ижтимоий муаммолар юзасидан қизғин баҳсларни келтириб чиқарган жараёнга нуқта қўйди.

45 ёшли Тетсуя Ямагами Япониянинг ғарбий қисмидаги Нара шаҳрида жойлашган туман судида қотиллик ва қурол назорати тўғрисидаги қонунларни бузиш каби бир қатор жиноятларда айбдор деб топилди. У 2022 йилда Нарада бўлиб ўтган сайловолди митингида Синдзо Абэни қўлбола қурол билан отиб ўлдирганини тан олган эди. Бироқ унинг адвокатлари енгилроқ жазо сўраган.

Қисқа муддат Япония Ўзини-ўзи мудофаа кучларида хизмат қилган Ямагами иши япон жамиятини иккига бўлди. Баъзилар унинг оғир ўтган болалиги сабаб унга ҳамдардлик билдирди, бошқалар эса Япония сиёсатидаги йирик арбоб бўлган, 2020 йилда лавозимини тарк этган 67 ёшли Абэни ўлдиргани учун унга энг оғир жазо берилиши кераклигини таъкидлади.

Абэ Нара шаҳридаги темирйўл бекати яқинида кичик сиёсатчи учун тарғибот олиб бораётган пайтда бўйнидан ўқ еган эди.

Тахминан икки ой давом этган суд жараёнида Ямагами Абэга қарата ўқ узганини тан олди. Бунга сабаб сифатида Абэ Жанубий Кореяда жойлашган ва Японияда кенг фаолият юритувчи “Бирлаштирувчи черков”ни қўллаб-қувватлаганини маълум қилди.

Унинг айтишича, черков аъзоси бўлган онаси ҳаёт жамғармасини топширишга мажбур бўлиб, бу оилани банкротликка олиб келган.

Японияда сиёсий зўравонлик ва отишмалар кам учрайдиган ҳолат бўлгани сабабли суд жараёни катта қизиқиш уйғотди. Бундай даражадаги сўнгги суиқасд 1936 йилда, император армияси тўнтариши пайтида икки собиқ бош вазир ўлдирилганида содир бўлган.

Бугун бўлиб ўтган судда қарийб 700 киши суд биноси олдида навбатга туриб, суд залига киритиладиган 33 нафар томошабин қаторидан жой олишга умид қилди.

Суиқасд “Бирлаштирувчи черков”га бўлган эътиборни яна кучайтирди. Жамоатчилик босимидан сўнг Япония ҳукумати черковнинг маблағ йиғиш амалиётларини текширишни бошлади.

2006–2007 ва 2012–2020 йилларда бош вазир бўлган Синдзо Абэ миллатчи сиёсатчилар оиласидан чиққан эди. У бош вазир сифатида урушдан кейинги тинчликсевар сиёсатни юмшатиб, Япониянинг ҳарбий имкониятларини кенгайтиришга интилди.

Агрессив молиявий рағбатлантириш орқали иқтисодий турғунликдан чиқишга ҳаракат қилди. У ҳозирги бош вазир Санае Такаичи учун ҳам устоз бўлган.

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid