Кўп китоб ўқиган ходимга пул мукофоти берилади
Энг кўп китоб ўқиган топ-100 таликка кирадиган ўқувчи ва талабаларнинг ҳар бирига БҲМнинг 25 баравари миқдорида пул берилади.

Энг кўп китоб ўқиган ходимга пул мукофоти берилади.
Китобхонлик маданиятини ривожлантириш ва аҳоли ўртасида китоб ўқишга қизиқишни ошириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент қарори (ПҚ–9-сон, 15.01.2026 й.) қабул қилинди.
Қарорни қабул қилишдан кўзланган асосий мақсад 2026 – 2030 йилларда аҳолининг китобхонлик даражаси (1 одам ўқийдиган китоб сони)ни йилига ўртача 10 та китобга етказиш этиб белгиланди.
Фармонга кўра, барча вазирлик ва идораларда:
- 2026 йил 1 мартга қадар тегишли соҳа бўйича тавсия этиладиган касбий фаолиятга оид адабиётлар рўйхати шакллантирилади;
- ҳар йили камида 3 тадан касбий фаолиятга оид хорижий адабиётларни маҳаллий нашриётлар орқали ўзбек тилига таржима қилиб, малакали мутахассислар иштирокида уларни изоҳлар, луғат ва мисоллар билан бойитиш амалиёти жорий этилади;
- 2026 йил 1 апрелга қадар ўзида ва тизимидаги ташкилотларда “Китоб бурчаги” ташкил этилади ва ходимлар учун ҳар ойда “Китоб ўқиш соати” йўлга қўйилади;
- китобхонлик бўйича ички рейтинг тизими жорий этилади;
- танлов асосида энг кўп китоб ўқиган ходимга 1 ойлик иш ҳақи миқдорида пул мукофоти берилади.
Шунингдек, энг кўп китоб ўқиган топ-100 таликка кирадиган ўқувчи ва талабаларнинг ҳар бирига БҲМнинг 25 баравари миқдорида пул мукофоти берилади.