Президент хорижий давлатларда ўтказилаётган турли рейдларда муҳожирлар ҳуқуқлари бузилаётганига тўхталди
Ватандошлар ишлаётган қурилиш майдонига, ётоқхонага, талабалар аудиториясига бориб, уларнинг муаммосини ўрганиб, ечими бўйича ишлаши шартлиги қайд этилди. Швеция, Дания ва Норвегия ишга жўнатиш масаласи кўрилди.

Таҳлилларга кўра, бугунги кунда Швеция, Дания ва Норвегияда 300 минг ишчиларга эҳтиёж бор.
Норвегиялик иш берувчилар бу йилнинг ўзида 3 минг фуқарони ўзлари ўқитиб, уларга Европа стандартлари асосида сертификат беришга тайёр. Ёки Швеция грант ажратиб, ижтимоий ходимларни тайёрлаш ва жорий йилнинг ўзида 500 нафарини ишга олиш таклифини бермоқда.
Мутасаддиларга Швеция, Дания ва Норвегия билан келишувга эришиб, фуқароларимизни юқори даромадли иш ўринларига юбориш муҳимлиги таъкидланди.
Умуман, Швеция ва Латвиядаги элчилар билан биргаликда Нордик давлатлар билан ташқи меҳнат миграцияси борасида ҳамкорлик дастурини ишлаб чиқиш топширилди.
Фуқароларимизнинг хорижий давлатларда ўтказилаётган турли рейдларда ҳуқуқлари бузилаётгани ҳақидаги хабарлар жамоатчиликда жиддий норозилик уйғотмоқда.
Аксарият ҳолатларда Ташқи ишлар вазирлиги расмий нота бериш билангина чекланиб қолмоқда.
“Элчи ва консуллар ҳар бир ҳолат юзасидан малакали юридик ёрдам кўрсатиб, хориждаги фуқароларимизнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиши шарт”, – деди Президентимиз.
Бундан ташқари, хориждаги ёшларимиз ёки талабаларнинг турли оқимларга қўшилиб қолаётгани барчани жиддий ташвишга солиши кераклиги таъкидланди.
Бундан буён элчилар “кабинет дипломатияси”дан воз кечиб, хориждаги ватандошларимиз ишлаётган қурилиш майдонига, ётоқхонага, талабалар аудиториясига бориб, уларнинг муаммосини ўрганиб, ечими бўйича ишлаши шартлиги қайд этилди.
Мутасаддиларга хорижда оғир вазиятга тушиб қолган фуқароларимиз учун бепул колл-марказ ташкил этиб, мурожаатларини тегишли вазирликлар билан тезкор ҳал қиладиган тизим яратиш топширилди.