platina.uz
Жамият

Президент Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан табрик йўллади

Давлат раҳбари дунёнинг сиёсий ва ҳарбий харитасида шиддатли ўзгаришлар юз бераётганини қайд этди, ҳарбий қудратни такомиллаштиришга тўхталди.  

Президент Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан табрик йўллади

Президент Шавкат Мирзиёев Ўзбекистон Қуролли Кучлари ташкил этилганининг 34 йиллиги ва Ватан ҳимоячилари куни муносабати билан байрам табриги йўллади.

Президент ҳозирги вақтда дунёнинг сиёсий ва ҳарбий харитасида шиддатли ўзгаришлар юз бераётганини қайд этди.

Турли минтақаларда геосиёсий вазият тобора мураккаблашиб, зиддият ва қонли тўқнашувлар кучаймоқда. Замонавий технологиялар, янги авлод қурол-яроғлари пайдо бўлмоқда, жанговар ҳаракатлар олиб боришнинг стратегия ва тактикаси янада такомиллашмоқда.

"Миллий армиямизни замонавий қурол-яроғ ва ҳарбий техника, жумладан, сунъий интеллект асосида роботлаштирилган мажмуалар билан таъминлаш, қўшинларни бошқариш ҳамда қарор қабул қилиш жараёнларига илғор ахборот технологияларини янада кенг жорий этиш ҳам доимо эътиборимиз марказида бўлади.

Ҳарбий хизматчилар ва уларнинг оила аъзоларини ижтимоий ҳимоя қилишга доир ишларнинг самарасини ошириб, уларнинг турмуш фаровонлигини юксалтиришга қаратилган ишларни кучайтирамиз. Бу борада давлат ва фуқаролик институтлари ҳамда кенг жамоатчиликнинг фаол иштирок этишига алоҳида аҳамият қаратамиз", дейди президент.

"Ҳар бир ҳарбий хизматчи халқ билан армия – бир тану бир жон эканини, унинг ортида 38 миллионлик халқ тоғдек таянч бўлиб турганини доимо ҳис этиши, шундан чексиз куч, руҳ ва мадад олиши керак.

Ғайрат-шижоатда тенгсиз бўлган ҳарбийларимиз ёвлар олдида ҳеч қачон бош эгмаган қўрқмас ва ўтюрак аждодларимизнинг ўлмас меросини ўрганиб, улардан ибрат ва сабоқ олиб, Ватан олдидаги муқаддас бурчини бундан буён ҳам шараф билан адо этадилар, деб ишонаман", дея таъкидлайди давлат раҳбари.

Аввал президент бир гуруҳ ҳарбийлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари ходимларини тақдирлаганди.

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid