platina.uz
Жамият

Фуқароларни ноқонуний ушлаб туриб, уларга куч ишлатган собиқ ИИБ ходими иши судда кўрилди

Ходим кўчадаги жанжал бўйича чақирувдан сўнг фуқароларни қонуний асосларсиз ички ишлар биносида ушлаб ўтирган ва уларни урган. 

Фуқароларни ноқонуний ушлаб туриб, уларга куч ишлатган собиқ ИИБ ходими иши судда кўрилди

Фуқароларни ноқонуний ушлаб туриб, уларга куч ишлатган собиқ ИИБ ходими иши судда кўрилди. Суд иши нусхаси Platina.uz ихтиёрида мавжуд.

Самарқанд вилоят суди кассация инстанцияси собиқ ички ишлар ходими С.Э.га нисбатан чиқарилган ҳукмни кўриб чиқиб, уни ўз кучида қолдирди. Иш материалларига кўра, собиқ ходим ўз хизмат ваколатларини суиистеъмол қилиб, фуқароларнинг ҳуқуқларини қўпол равишда бузган.

Маълум бўлишича, С.Э. кўчадаги жанжал бўйича чақирувдан сўнг фуқароларни қонуний асосларсиз ички ишлар биносида ушлаб ўтирган. Натижада, ўзларига нисбатан қилинаётган қонунсиз ҳаракатлардан норози бўлган Ж.Н., Т.Б. ва Н.Б.лар эътироз билдиришиб, унинг қонунсиз хатти-ҳаракатларини ўзларининг уяли телефонларига тасвирга олишмоқчи бўлишган. С.Э. бунга фаол қаршилик қилиб ўзига қонун билан берилган ҳокимият ёки мансаб ваколати доирасидан четга чиққан ҳолда қўл ва оёғи билан уларни уриб, асоссиз равишда уларга жисмоний куч ишлатиб, сўнг видеотасвир олинаётган Т.Б. нинг уяли телефонини ундан тортиб олиб, жиноий ҳаракатлари ошкор бўлишини олдини олиш мақсадида телефон хотирасидан видеотасвирни ўчириб ташлаган.

ИИБ ходими ўзига берилган давлат ваколатидан фуқароларни ҳимоя қилиш учун эмас, балки уларни қўрқитиш ва жисмоний азоб бериш йўлида фойдаланган.

Биринчи инстанция суди С.Э.ни айбдор деб топиб, уни муайян муддатга ички ишлар тизимида ишлаш ҳуқуқидан маҳрум қилган ва унга нисбатан озодликни чеклаш жазосини тайинлаган.

Судланувчи ва унинг адвокати жазони енгиллаштиришни сўраб қилган мурожаати (ички ишлар тизимига қайтиш бўйича тақиқни бекор қилиш)да С.Э.нинг қилмишидан пушаймонлигини ва оилавий шароитини важ қилиб кўрсатган.

Лекин ушбу инстанцияда унинг талаби қондирилмади. Вилоят суди Самарқанд шаҳар судининг ҳукмини ўзгаришсиз қолдирди.

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid