platina.uz
Сиёсат

ТИВ Афғонистонда ўзбек тили чекланаётгани бўйича хабарларга изоҳ берди

Афғонистонлик расмийлар ушбу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини, мамлакат ҳудудида ўзбек тилининг ишлатилишига нисбатан ҳеч қандай чеклов йўқлигини таъкидлаган. 

ТИВ Афғонистонда ўзбек тили чекланаётгани бўйича хабарларга изоҳ берди

Тармоқда Афғонистонда ўзбек тили чекланаётгани бўйича хабарлар тарқалди. Ўзбекистон ТИВ бунга изоҳ берди.

Айрим оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда ўзбек тилининг Афғонистонда қўлланилишига гўёки чекловлар жорий этилаётгани ҳақидаги хабарлар берилган. Мазкур маълумотлар жамоатчиликда табиий равишда муайян хавотир уйғотди.

Мазкур масалага аниқлик киритиш мақсадида Ташқи ишлар вазирлигининг масъул вакиллари тезкор равишда Афғонистон Ташқи ишлар вазирлиги билан вазиятга ойдинлик киритди.

Афғонистонлик расмийлар ушбу хабарлар ҳақиқатга тўғри келмаслигини, мамлакат ҳудудида ўзбек тилининг ишлатилишига нисбатан ҳеч қандай чеклов йўқлигини қатъий таъкидлаб, Афғонистон ҳукумати ва халқи биродар ўзбек халқи ҳамда тилига чуқур ҳурмат билан муносабатда эканини алоҳида қайд этган.

Афғонистон Ташқи ишлар вазирлигининг расмий вакили маълум қилишича, ҳозирги вақтда мамлакат бўйлаб олий таълим муассасалари ва умумтаълим мактаблари пештоқларидаги ёзувларни ягона стандарт асосида тартибга солиш ишлари олиб борилмоқда. Мазкур амалиётга кўра, таълим муассасалари пештоқларидаги ёзувлар бутун мамлакат бўйлаб уч тилда — пушту, дарий ва инглиз тилларида акс эттирилади. Шу билан бирга, мамлакатнинг шимолий ҳудудлари, жумладан Саманган университети учун истисно тариқасида ёзувлар пушту, дарий ва ўзбек тилларида берилиши белгиланган.

"Шунингдек, яхши қўшничилик, ўзаро ишонч ва дўстона муносабатларнинг ёрқин ифодаси сифатида Афғонистон ҳукумати томонидан тарихда илк бор Жоузжон давлат университетида жорий йилдан бошлаб магистратура босқичида “Ўзбек тили ва адабиёти” факультетини ташкил этиш режалаштирилаётгани маълум қилинди", дейилади ТИВ изоҳида.

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid