Президент Самарқандда Марказий Осиё ТИВ раҳбарларини қабул қилди
Томонлар Марказий Осиё минтақасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан фикр алмашдилар.

Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 октябрь куни Самарқанд шаҳрида “С5+1” форматидаги ташқи ишлар вазирлари учрашувида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Туркманистон Вазирлар Маҳкамаси Раиси ўринбосари – ташқи ишлар вазири Рашид Мередовни қабул қилди.
Суҳбат аввалида Рашид Мередов давлатимиз раҳбарига Туркманистон Президенти Сердар Бердимуҳамедов ва Туркман халқининг миллий етакчиси, Халқ Маслаҳати Раиси Гурбангули Бердимуҳамедовнинг саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон – Туркманистон дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини янада ривожлантиришнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Барча даражалардаги алоқалар жадал тус олгани мамнуният билан қайд этилди. Яқинда икки мамлакат муносабатлари тарихида янги механизм – Олий даражадаги стратегик шериклик кенгаши тузилди. Ўзаро товар айирбошлаш ва юк ташиш ҳажмлари изчил ошиб бормоқда. “Шовот – Тошовуз” чегараолди савдо зонаси муваффақиятли фаолият юритмоқда.
Олий даражада эришилган келишувларни ўз вақтида амалга ошириш ҳамда учинчи Ҳудудлар форуми ва Туркманистон шаҳарларида бўлиб ўтадиган Ўзбекистон маданияти ва киноси кунларига пухта тайёргарлик кўриш муҳимлиги таъкидланди.
Минтақавий ҳамкорлик масалалари юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Самарқанд шаҳрида “С5+1” форматидаги ташқи ишлар вазирлари учрашуви доирасида Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев Қозоғистон Республикаси ташқи ишлар вазири Мухтар Тлеубердини қабул қилди.

Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Қозоғистон Республикаси Президенти Қасим-Жомарт Тоқаевнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон – Қозоғистон дўстлик, яхши қўшничилик, стратегик шериклик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари муҳокама қилинди.
Президент Администрациялари, парламентлар, ҳукуматлар, ҳудудлар ва ишбилармон доиралар даражасидаги фаол алоқалар юксак баҳоланди.
Товар айирбошлаш ҳажми изчил ортиб бормоқда, саноат, транспорт, энергетика, қишлоқ хўжалиги, қурилиш ва экология соҳаларида муҳим кооперация лойиҳалари амалга оширилмоқда. Самарали маданий-гуманитар алмашинувлар йўлга қўйилган.
Олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш ҳамда келгуси йилга мўлжалланган тадбирлар режасини шакллантириш муҳимлиги таъкидланди.
Минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалалар юзасидан ҳам фикр алмашилди.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “С5+1” форматидаги ташқи ишлар вазирлари учрашувида иштирок этиш учун Самарқанд шаҳрига келган Қирғиз Республикаси ташқи ишлар вазири Жээнбек Кулубаевни қабул қилди.

Ташқи сиёсат идораси раҳбари мамлакатимиз етакчисига Қирғиз Республикаси Президенти Садир Жапаровнинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Ўзбекистон – Қирғизистон дўстлик, яхши қўшничилик ва иттифоқчилик муносабатларини янада мустаҳкамлашнинг долзарб масалалари кўриб чиқилди.
Президентимизнинг жорий йил июль ойида Қирғизистонга амалга оширган давлат ташрифи давомида эришилган келишувларни ҳаётга татбиқ этишга алоҳида эътибор қаратилди.
Товар айирбошлаш ҳажмининг ижобий ўсиш суръати, етакчи корхоналар ва ҳудудлар ўртасидаги кооперация алоқалари йўлга қўйилгани, энергетика ва транспорт соҳаларида йирик минтақавий лойиҳалар амалга оширилаётгани мамнуният билан қайд этилди.
Келгуси йилга мўлжалланган маданий-гуманитар тадбирлар ва ҳудудлар даражасидаги алмашинувлар режасини қабул қилиш муҳимлиги таъкидланди.
Томонлар Марказий Осиё минтақасидаги ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев “С5+1” форматидаги ташқи ишлар вазирлари учрашувида иштирок этиш учун мамлакатимизга келган Тожикистон Республикаси ташқи ишлар вазири Сирожиддин Муҳриддинни қабул қилди.

Учрашув аввалида юқори мартабали меҳмон давлатимиз раҳбарига Тожикистон Президенти Эмомали Раҳмоннинг самимий саломи ва энг эзгу тилакларини етказди.
Олий даражада эришилган келишувларни амалга ошириш доирасида Ўзбекистон – Тожикистон дўстлик, яхши қўшничилик ва иттифоқчилик муносабатларини янада ривожлантиришнинг асосий жиҳатлари кўриб чиқилди.
Ҳамкорлик барча йўналишларда жадал ривожланиб бораётгани мамнуният билан қайд этилди. Ўзаро савдо ва юк ташиш ҳажми ортиб бормоқда. Энергетика, саноат, қишлоқ ва сув хўжалиги соҳаларидаги кооперация лойиҳалари фаол паллага кирди.
Маданий-гуманитар, таълим ва туризм соҳаларидаги алмашинувни фаоллаштириш муҳимлиги таъкидланди.
Томонлар минтақавий аҳамиятга молик долзарб масалаларни ҳам муҳокама қилдилар.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев 19 октябрь куни Самарқанд шаҳрида “Franklin Templeton” компанияси президенти ва бош ижрочи директори Женни Жонсонни қабул қилди.
Учрашувда йирик давлат корхоналарини трансформация қилиш бўйича амалга оширилаётган ишларнинг дастлабки натижалари кўриб чиқилди.
Лондон ва Тошкент биржаларида Ўзбекистон Миллий инвестиция жамғармаси акцияларининг жойлаштирилиши мамлакатимиз тарихидаги илк халқаро IPO бўлгани таъкидланди. Бунинг ҳисобига қарийб 700 миллион доллар маблағ жалб этилди, талаб таклифга нисбатан тўрт баравардан зиёдга ошди.
Кейинги босқичда жамғарма портфелидаги компанияларни трансформация қилиш орқали аҳоли фаровонлигини ошириш, хизматлар ишончлилиги ва сифатини яхшилаш кўзда тутилгани қайд этилди. Кейинги акцияларни жойлаштириш жараёнларида фуқароларнинг иштирокини кенгайтириш муҳимлиги кўрсатиб ўтилди.
Йирик компанияларни IPOга тайёрлаш, уларнинг бошқарув кадрларининг малакасини ошириш ҳамда компаниянинг Тошкент халқаро молия маркази фаолиятида иштирок этиши билан боғлиқ масалалар кўриб чиқилди.





