platina.uz
Жаҳон

Мадуро АҚШ судида айбловларни инкор этди

Айбдор деб топилган тақдирда ҳокимиятдан ағдарилган Венесуэла етакчиси бир неча ўн йиллик қамоқ жазосига ҳукм этилиши мумкин. 

Мадуро АҚШ судида айбловларни инкор этди

Венесуэла президенти Николас Мадуро Ню-Йоркда ўтган илк суд мажлисида айбловларни рад этди.

Манхэттендаги федерал судда Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силиа Флорес қўйилган айбловлар бўйича ўзларини айбсиз деб эълон қилди.

Судга оёқлари кишанланган, таржимон қулоқчинлари таққан ҳолда судья қаршисига чиққан Мадуро ўзини Венесуэланинг “қўлга олинган” раҳбари сифатида таништирди ва айбловларни рад этди. Суд иши Элвин Ҳеллерштайн томонидан кўриб чиқилмоқда.

“Мен айбсизман. Мен ҳалол одамман”, — деди Мадуро судьяга.

Мадуро судьяга унга нисбатан тузилган айблов хулосасини кўрганини, бироқ ҳали тўлиқ ўқиб чиқмаганини айтди. Унинг сўзларига кўра, ҳужжат мазмуни адвокат билан қисман муҳокама қилинган. Мадуронинг ҳимоячиси сифатида машҳур ишлар билан танилган адвокат Барри Поллак иштирок этмоқда.

Прокурорлар Мадурони "наркотерроризм фитнаси" ташкил этишда айбламоқда. Шунингдек, Мадуро ва Флоресга кокаинни АҚШга олиб кириш бўйича фитна, уни сақлаш ҳамда пулемётлар ва портловчи қурилмаларни сақлаш ва эгаллашга уриниш бўйича фитна айбловлари қўйилган.

Агар айбдор деб топилса, ҳокимиятдан ағдарилган Венесуэла етакчиси ўнлаб йиллар давомида қамоқ жазосига ҳукм қилиниши мумкин.

Айблов хулосасида, шунингдек, Мадуронинг рафиқаси Силиа Флорес ҳам АҚШга ноқонуний гиёҳванд моддаларни олиб кириш бўйича фитна уюштиришда ва қуролга оид жиноятларда айбланмоқда. У эри билан бирга АҚШ ҳарбий ходимлари томонидан қўлга олинган. Флорес ҳам судда ўзини айбсиз деб эълон қилди.

“Айбдор эмасман. Мутлақо айбсизман”, — деди Флорес суд мажлисида таржимон орқали.

Мадуро ва Флорес Ню-Йоркка олиб кетилаётган пайтда АҚШ президенти Доналд Трамп Қўшма Штатлар Венесуэлада тўлиқ сиёсий ўтиш жараёни амалга ошмагунча мамлакатни вақтинча бошқаришини эълон қилди.

Ҳозирча Венесуэла вице-президенти Делси Родригес расман мамлакат раҳбари ҳисобланади. Бироқ Трамп агар Родригес “тўғри йўл тутмаса”, унинг тақдири Мадуроникидан ҳам ёмон бўлиши мумкинлиги ҳақида огоҳлантирди.

Кейинги суд мажлиси 17 март бўлиб ўтиши маълум қилинди. Унгача Николас Мадуро ва унинг рафиқаси Силиа Флорес Ню-Йоркдаги қамоқхонада сақланади.

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid