platina.uz
Иқтисод

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишига бир қадам қолди

Фақат битта икки томонлама музокара раунди якунланмаган бўлиб, у Тайван билан боғлиқ.

Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлишига бир қадам қолди

ЖСТГА аъзо бўлишга бир қадам қолди: Ўзбекистон 29 та янги қонун ҳужжат тайёрламоқда ва экспорт божлари бўйича сўнгги муҳокамаларни бошлади.

Ўзбекистон Жаҳон савдо ташкилотига (ЖСТ) аъзо бўлиш учун музокараларни якунлашда атиги битта давлат билан келишувга эришиши қолди.

ЖСТ масалалари бўйича Президентнинг махсус вакили Азизбек Урунов Linkedin саҳифасида ЖСТ га аъзо бўлишга бир қадам қолганини маълум қилди. У 2025 йил якунларини сарҳисоб қилар экан, ушбу даврни Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиши жараёнида ҳал қилувчи ва натижаларга бой босқич сифатида баҳолади. Уруновнинг сўзларига кўра, ўтган йил давомида Ўзбекистон ташкилотга аъзо бўлган 34 давлатдан 33 таси билан бозорга кириш бўйича икки томонлама музокараларни якунлаган.

Умумий ҳисобда, 40 дан ортиқ икки томонлама музокаралар раунди ҳамда кўплаб ишчи гуруҳ йиғилишлари ўтказилиб, улар давомида 200 дан ортиқ масала муҳокама қилинган.

Йил давомида Европа Иттифоқи, Хитой, Россия, Буюк Британия, Швейцария, Канада, Австралия ва бошқа қатор муҳим савдо ҳамкорлари билан келишувларга эришилган.

Уруновнинг таъкидлашича, фақат битта икки томонлама музокара раунди якунланмаган бўлиб, у Тайван билан боғлиқ.

Миллий қонунчиликни ЖСТ талабларига мослаштириш борасида ҳам катта ишлар амалга оширилган. 2025 йилда Ўзбекистон ЖСТГА қўшилиш жараёни доирасида 30 та қонун ҳужжат қабул қилди. Улар орасида тўртта қонун, саккизта президент фармони ва қарори, Вазирлар Маҳкамасининг 12 та қарори ҳамда олтита идоравий-норматив ҳужжат мавжуд.

Шу билан бирга, яна 29 та қонун ҳужжат лойиҳаси тайёрланмоқда. Улар божхона тартиб-таомиллари, экспорт божлари, савдони ҳимоя қилиш чораларини жорий этиш, интеллектуал мулк ҳуқуқини ҳимоя қилиш, техник регламентлар, санитария ва фитосанитария чораларини ҳамда савдодаги техник тўсиқларни ислоҳ қилишни назарда тутади.

Президент вакилининг айтишича, Ўзбекистон товарлар ва хизматлар бўйича савдо мажбуриятларини мувофиқлаштиришда сезиларли ютуқларга эришиб, консолидация босқичига ўтган. ЖСТ қоидаларига мувофиқ экспорт божлари, транзит эркинлиги ва савдо тартиб-таомилларини соддалаштириш бўйича якуний муҳокамалар бошланган. Шунингдек, мамлакат ташкилотнинг тармоқ келишувларида ҳам фаол иштирок этмоқда.

Қолган икки ва кўп томонлама музокараларни якунлаш, ишчи гуруҳнинг якуний ҳисоботини тайёрлаш, қонунчиликни сўнгги бор тасдиқлаш ва Ўзбекистоннинг ЖСТга қўшилиш жараёнини тўлиқ якунлашга қаратилган ҳал қилувчи чораларни кўриш 2026 йилга режалаштирилган.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон ва Россия ўзаро савдо шартлари бўйича расмий келишувга эришган. Томонлар товарлар ва хизматлар бозорига кириш бўйича якуний протоколни имзолаган бўлиб, бу Ўзбекистоннинг ЖСТга аъзо бўлиши олдидан амалга оширилган сўнгги муҳим қадамлардан бири ҳисобланади.

© 2026 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid