Пойтахт ҳокимлиги "резидентлар рухсатномаси"га изоҳ берди
Кўп қаватли уйлар оралиғи, ҳовлилар ва тўхтаб туриш тақиқланмаган бошқа бепул ҳудудларда автомобил сақлаш учун ҳеч қандай тўлов ёки рухсатнома талаб қилинмайди.

Пойтахт ҳокимлиги резидентлар учун пуллик автотураргоҳлар бўйича изоҳ берди.
Тармоқларда Тошкент шаҳар ҳокимининг 2025 йил 25 декабрдаги қарори муҳокамаларга сабаб бўлмоқда.
Мазкур қарорни "Энди одамлар ўз уйи олдида машина қўйгани учун пул тўлайди" дея талқин этилган.
Тошкент шаҳар ҳокимлигига кўра, ушбу талқинлар ҳақиқатга зид бўлиб, қарорнинг мазмуни қуйидагича изоҳланади:
Янги жорий этилаётган тартиб фақат йўл бўйида ташкил этилган пулли автотураргоҳлар фаолиятига тааллуқлидир. Кўп қаватли уйлар оралиғи, ҳовлилар ва тўхтаб туриш тақиқланмаган бошқа бепул ҳудудларда автомобил сақлаш учун ҳеч қандай тўлов ёки рухсатнома талаб қилинмайди.
"Резидентлик рухсатномаси" нима ва у кимларга берилади?
Рухсатнома бевосита йўл бўйида пулли автотураргоҳ ташкил этилган кўча бўйлаб жойлашган ёки ушбу зонага яқин жойлашган маҳаллада яшовчи фуқаролар (резидентлар) учун жорий этилмоқда. Мақсад — уйи олдида пулли тўхташ жойи ташкил этилган аҳолига имтиёз бериш ва улар ўз машиналарини жойлаштиришда муаммога дуч келмаслигини таъминлашдир.
Резидентлар учун қуйидаги имтиёзли шартлар амал қилади:
— соат 20:00 дан 08:00 гача бўлган вақтда резидентлар ўз автомобильларини пулли тўхташ жойларида мутлақо бепул жойлаштириш ҳуқуқига эга бўлади;
— кундузги вақтда (08:00 дан 20:00 гача) фойдаланиш учун соатбай эмас, балки йилига бир марта тўланадиган қатъий белгиланган тўлов жорий этилади;
—йиллик тўлов миқдори базавий ҳисоблаш миқдорининг 1 баравари миқдорида белгиланган бўлиб, бу оддий тарифлардан кескин арзон ҳисобланади.
Битта турар жой (хонадон) манзилига кўпи билан 2 та резидентлик рухсатномаси расмийлаштирилиши мумкин.
Ушбу янги тартиб-қоидалар 2026 йил 1 февральдан кучга киради.