Нарко-жиноятларга қарши курашиш умуммиллий ҳаракатга айлантирилади
Бу йил 14 мингдан зиёд гиёҳвандлик жинояти қайд қилинган. Уларнинг 3 мингга яқинини ёшлар содир этган.

Президент топшириғи билан нарко-жиноятларга қарши курашиш умуммиллий ҳаракатга айлантирилади.
Президент Шавкат Мирзиёев Олий Мажлис ва Ўзбекистон халқига мурожаатномасида гиёҳвандлик ва нарко-жиноятларга қарши курашиш масаласида қатъий чоралар кўриш, бунинг учун барча куч ва имкониятлар сафарбар қилинишини маълум қилди.
“Бу йил 14 мингдан зиёд гиёҳвандлик жинояти қайд қилинган. Уларнинг 3 мингга яқинини ёшлар содир этгани – барчамизни жиддий ўйлантириши керак.
Наркотик савдолари трансчегаравий ва виртуал характерга эга бўлиб бормоқда. Булар эса жиноятларни аниқлашнинг янги усулларини қўллашни, замонавий билим ва кўникмаларни пухта эгаллашни талаб қилади”, - деди давлат раҳбари.
Эндиликда нарко-жиноятларга қарши курашиш умуммиллий ҳаракатга айлантирилиб, жамиятда бу оғуга муросасиз муҳит яратилиши қатъий таъкидланди.
“Гиёҳвандликни таг-томири билан буткул йўқотиш, ёшларимизда кучли маънавий-руҳий иммунитетни шакллантириш бўйича барча куч ва имкониятларимизни сафарбар қиламиз!
Гиёҳвандлик ва нарко-жиноятларга қарши курашиш бўйича республика ишчи гуруҳи давлат идораларининг барча салоҳиятини ишга солиб, келгуси йилда наркотиклар манбасига чек қўйиш, уларни истеъмол қилувчиларни эрта даволаш, тарбиялаб, жамиятга қайтариш бўйича яхлит тизим яратсин", деди президент.
Давлат раҳбари белгилаб берган қатъий позиция бу иллатга нисбатан муросасиз жамият барпо этишга қаратилган умуммиллий чақириқдир.