2026 йил барча соҳаларни ривожлантиришда туб бурилиш йили бўлади
Президент Янги Ўзбекистонни барпо этишда ҳал қилувчи босқичга қадам қўйилаётганини таъкидлади. Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун 140 триллион сўм ресурс берилади.

Президентнинг Олий Мажлисга мурожаатномаси давом этмоқда.
Янги йилнинг номида белгиланган устувор вазифаларни амалга ошириш учун алоҳида давлат дастури қабул қилинади.
Ушбу дастурда юртимиздаги 9 мингдан зиёд маҳаллани, аввало, меҳр-оқибат, ҳамжиҳатлик, адолат ва тарбия масканига айлантириш каби долзарб масалалар ўз ифодасини топади.
“Биз Янги Ўзбекистонни барпо этишда ҳал қилувчи босқичга қадам қўймоқдамиз. Бу йўлдаги ишларимиз ҳар бир соҳа ва тармоқда чуқур трансформацияни талаб қилади.
Мақсадимиз аниқ: яқин йилларда даромади ўртадан юқори мамлакатлар қаторига кириш.
Фарғона водийсидан Оролбўйигача, Зарафшон воҳасидан Қашқадарё ва Сурхондарёгача, Тошкентдан тортиб, Жиззах ва Сирдарёгача – юртимизнинг қайси ҳудудида яшамасин, ҳар бир фуқаромиз бугундан бошлаб ислоҳотлар натижасини кундалик ҳаётида янада кўпроқ ҳис қилиши керак.
Шунинг учун, кириб келаётган 2026 йил давлат бошқаруви, суд-ҳуқуқ тизими, иқтисодиёт тармоқлари, таълим, илм-фан, тиббиёт, маданият, спорт, экология тизимини – барча-барча соҳаларни ривожлантиришда туб бурилиш йили бўлади”, – деди Президентимиз.
“Асосий мақсадимиз одамларимизни доимий даромадли қилишдан иборат. Пули бор одам яхши кийиниш ва овқатланишга, сифатли таълим ва малакали тиббий хизматдан фойдаланишга, мазмунли дам олишга, бир сўз билан айтганда, фаровон яшашга интилади”,
– деди Президентимиз.
Бу жараёнда тадбиркорлар ҳал қилувчи куч сифатида энг олдинги сафда туриб, саноат ва сервис объектларини ташкил қилиб, доимий иш ўрни яратишда, аҳоли, айниқса, ёшлар ва хотин-қизларни касбга ўргатиб, маҳаллаларнинг ўзида ишли ва даромадли қилишда алоҳида жонбозлик кўрсатаётгани таъкидланди.
Шунинг учун тадбиркорликни қўллаб-қувватлаш бўйича сиёсат давом эттирилиб, 2026 йилда асосий солиқ ставкалари ўзгаришсиз қолдирилади, тадбиркорлик инфратузилмаси лойиҳаларига 10 триллион сўмдан зиёд маблағ ажратилади.
Кичик ва ўрта бизнесни ривожлантириш учун 140 триллион сўм ресурс берилади. Шундан 43 триллион сўми хотин-қизлар ва ёшлар тадбиркорлигини қўллаб-қувватлашга йўналтирилади.
Аввалроқ Ўзбекистонда ЯИМ илк бор 145 млрд доллардан ошгани айтилганди.
Бу йил иқтисодиётга жалб қилинган хорижий инвестициялар ҳажми 43,1 миллиард долларга етган. Шунингдек, 8,5 миллиондан зиёд одам камбағалликдан чиқди.