platina.uz
Жамият

Маҳаллий авиақатновлар учун субсидиялашнинг янги тизими жорий этилади

Нархидан қатъи назар, сотилган ҳар бир чипта учун аниқ миқдорда субсидия ажратилади. Келгуси йили 110 километр темир йўл тармоғи қурилиб, Бўка, Пискент, Бекобод, Боёвут туманлари ҳамда Нурафшон шаҳри пойтахт билан боғланади. 

Маҳаллий авиақатновлар учун субсидиялашнинг янги тизими жорий этилади

Туристлар оқими тобора ошаётгани авиация ва темир йўлда йўловчи ташиш қувватини 2 баробар кўпайтиришни тақозо этмоқда. Шу боис, 2026 йилда авиапаркдаги ҳаво кемаларининг сони 120 тага етказилади.

Маҳаллий авиақатновларни ошириш учун субсидиялашнинг янги тизими жорий этилади. Энди нархидан қатъи назар, сотилган ҳар бир чипта учун аниқ миқдорда субсидия ажратилади. Бу чипта нархини пасайтириш ва талабни оширишга хизмат қилади.

Шу билан бирга, янги самолётлар учун учувчилар, уларга техник хизмат кўрсатувчилар, аэропортлар учун сервис ва бошқарув соҳасида малакали мутахассисларни тайёрлаш мақсадида Фуқаро авиацияси университети ташкил этилади.

Ички темир йўлларни ривожлантириш бўйича беш йиллик дастур қабул қилинади. Шаҳарларни тезюрар поездлар қатнови билан боғлаш учун 2026 йилдан яна 500 километр темир йўл қурилиши бошланади.

Келгуси йили 110 километр темир йўл тармоғи қурилиб, Бўка, Пискент, Бекобод, Боёвут туманлари ҳамда Нурафшон шаҳри пойтахт билан боғланади. “Тошкент – Самарқанд” йўналишида юқори тезликда ҳаракатланадиган йўловчи поездлар учун янги темир йўл линиясини қуриш бошланади.

Тошкент, Самарқанд, Бухоро, Хива, Навоийдаги вокзаллар ҳам хусусий шериклик учун берилади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти таҳлилига кўра, сифатли йўллар иқтисодиётимизнинг камида 2 фоиз ўсишига туртки беради.

Автомобил йўлларининг сифатини яхшилаш, транзит салоҳиятини янада ошириш мақсадида беш йиллик дастур амалга оширилади.

Бунда Андижон билан Қўнғиротни, Тошкент билан Термизни, Самарқанд билан Шаҳрисабзни, Олот билан Сариосиёни боғлайдиган, узунлиги 4 минг километр магистрал йўллар халқаро талабларга мос “автобан”ларга айлантирилади.

2026 йилнинг ўзида Қорақалпоғистон, Бухоро, Қашқадарё ва Сурхондарё ҳудудидан ўтган умумий фойдаланишдаги 300 километр йўлларда реконструксия ишлари якунланади.

Тошкент – Самарқанд, Тошкент – Андижон, Тошкент – Бўстонлиқ, Пунғон – Наманган ва Қарши – Шаҳрисабз йўналишида юқори тезликда ҳаракатланишга мўлжалланган 800 километр йўллар қурилиши бошланади.

Энди йўлларни лойиҳалаштиришда аҳолининг фикри, транспорт қатновининг атроф-муҳитга таъсирини инобатга олиш, пиёдалар учун “тўсиқсиз” муҳит яратиш бўйича қатъий талаблар қонун даражасида мустаҳкамланади.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid