Термизга кетаётган йўловчи поездга “Spark” урилди
"Spark" ҳайдовчиси светофорнинг тақиқловчи ишораси ва огоҳлантирувчи овозли сигнал ишлаб турганига қарамай йўловчи поездининг вагонига келиб урилган.

Термизга кетаётган поезд иштирокида ЙТҲ юз берди. "Ўзбекистон темир йўллари" ҳайдовчи ва пиёдаларни хавфсизлик қоидаларига риоя қилишга чақирди.
Мурожаатда бугун, 9 ноябрь куни соат 02:55 да Термиз – Ғалаба бекатлари оралиғидаги қўриқланадиган кесишмада тўқнашув содир бўлгани айтиб ўтилган.
Компания маълумотига кўра, "Spark" автомобили ҳайдовчиси светофорнинг тақиқловчи ишораси ва огоҳлантирувчи овозли сигнал ишлаб турганига қарамай Ғалаба – Термиз йўналишида ҳаракатланаётган 3601-сонли йўловчи поездининг бешинчи вагонига келиб урилган. Ҳодиса оқибатида автомобил ҳайдовчиси тан жароҳати олмаган.
Ўрганишлар давомида темир йўл кесишмасидаги сигнал белгилари тегишли йўриқнома талаблари асосида ўрнатилгани, улар соз ҳолатда ишлаётгани ҳамда кесишма ёритиш тизими билан таъминлангани ва ёритиш воситалари ишчи ҳолатда экани аниқланган.
Шунингдек, темир йўл кесишмасининг техник ҳолати текширилганда, барча тегишли қурилма ва жиҳозлар соз ҳолатда экани қайд этилган.
"Ўзбекистон темир йўллари" биргина эътиборсизлик инсон ҳаёти ва саломатлигига жиддий хавф туғдириши мумкинлигини эслатиб ўтган.




