Афғонистондан контрабанда қилиниб, Бухорога олиб келинган салкам 5 кг "опий" қўлга олинди
Бундай жиноятни содир этган шахслар 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилинишлари мумкин.

Афғонистондан олиб келинган гиёҳвандлик воситаси тўхтатиб қолинди.
“Хавфсиз ва соғлом юрт” тезкор-профилактик тадбирлари доирасида Давлат хавфсизлик хизмати Бухоро вилояти бўйича бошқармаси ходимлари томонидан катта миқдордаги наркотик моддаларнинг ноқонуний айланмасига чек қўйилди.
Хусусан, “Бухоро – Қоракўл” йўналишида ҳаракатланаётган “Жентра” русумли автотранспорт воситаси Жондор тумани ҳудудида тўхтатилиб, текширилди.
Натижада, Қоракўл туманида яшовчи, 1969 й.т. шахс ва 1973 й.т. хорижий давлат фуқароси кетаётган автомашина салонида соф вазни 4 кг 715 г бўлган “опий” моддаси борлиги аниқланиб, процессуал тартибда расмийлаштириб олинди.
Маълум бўлишича, улар ушбу ажал оғусини муқаддам наркокуръерлар томонидан Афғонистондан контрабанда қилиниб, Бухоро шаҳри ҳудудига яшириб кетилган хуфия жойдан олишган.
Ҳозирда мазкур фуқароларга нисбатан Жиноят Кодексининг 28,246-моддаси 2-қисми (контрабанда) ва 25,273-моддаси 5-қисми (гиёҳвандлик воситалари, уларнинг аналоглари ёки психотроп моддаларни ўтказиш...) билан жиноят иши қўзғатилиб, “қамоқ” эҳтиёт чораси қўлланилди.
Қонунчиликка мувофиқ, бундай жиноятлар содир этган шахслар 10 йилдан 20 йилгача озодликдан маҳрум қилинишлари мумкин.
Аввалроқ ДХХ мармар тошлар орасига яширилган 37,5 кг гиёҳванд модда аниқлаганди.
Чет эллик шахс қурилишда фойдаланиладиган тошлар орасига гиёҳвандлик воситаларини яшириб мамлакатга олиб келган, маҳаллий фуқаролар эса уларни сотиш билан шуғулланган.