platina.uz
Иқтисод

Президент халқ билан мулоқот механизмларини янада такомиллаштириш бўйича топшириқлар берди

Фуқаролар фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда қарор қабул қилиш давлат идоралари фаолиятида бош мезон бўлиши шартлигини таъкидланди.

Президент халқ билан мулоқот механизмларини янада такомиллаштириш бўйича топшириқлар берди

Президент Шавкат Мирзиёевга давлат идораларининг аҳоли билан коммуникацияси самарадорлигини оширишга қаратилган ишлар юзасидан ахборот берилди.

Мамлакатимизда давлат ва жамият ҳаётининг барча соҳаларида амалга оширилаётган кенг кўламли янгиланишлар жараёнида аҳоли мурожаатлари билан ишлаш тизимини ҳам такомиллаштириш, Халқ қабулхоналарининг имкониятларини кенгайтириш, фаолиятига замонавий ёндашувларни жорий этиш, жамоатчилик фикрини чуқурроқ ўрганиш ва қарорлар қабул қилишда уни инобатга олиш тобора долзарб аҳамиятга эга бўлиб бораётгани таъкидланди.

Аҳолининг кайфияти, эҳтиёжи ва орзу-интилишларини аниқ ва тўлиқ ўрганишда замонавий, профессионал социология ва таҳлилий усуллардан фойдаланиш зарурлиги, бу ислоҳотлар нақадар самарали бўлаётгани ҳақида холис ахборот олиш ва келгуси истиқболга мўлжалланган тараққиёт дастурларини тўғри ишлаб чиқишнинг муҳим омили экани кўрсатиб ўтилди.

Президент халқ билан мулоқот маданиятини изчил юксалтириш, фуқароларни эшитиш, уларнинг фикр-мулоҳазаларини инобатга олган ҳолда қарор қабул қилиш давлат идоралари фаолиятида бош мезон бўлиши шартлигини таъкидлади.

Фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларга нафақат тезкор жавоб бериш, балки уларни тизимли таҳлил қилиб, социологик тадқиқотлар натижалари билан солиштириш орқали тегишли ечимларни таклиф қилиш, умуман, давлат ва жамият ўртасидаги мулоқот сифати ҳамда ишончни мустаҳкамлаш давлат ва бошқарув органлари, маҳаллий ижро этувчи ҳокимият идораларининг асосий вазифаларидан бири экани яна бир бор кўрсатиб ўтилди.

Ҳокимият ва аҳоли ўртасидаги доимий мулоқотнинг институционал асосларини мустаҳкамлаб, янгича ёндашувларга асосланган замонавий моделини шакллантириш, уни жамоатчилик фикрини ўрганиш тизимига боғлаш муҳим экани қайд этилди.

Мутасаддиларга халқ билан мулоқот механизмларини янада такомиллаштириш, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлаш самарадорлигини ошириш юзасидан тегишли топшириқлар берилди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid