Лоукостерларда нега авиачипта арзонроқ?
Айримлари ҳатто салондаги ҳожатхонани пуллик қилмоқчи бўлган. Бу қарорлар ҳайратланарли туюлиши мумкин, лекин уларнинг ҳар бири ортида максимал даромад олиш мантиғи ётади.

Бирор манзилга тезроқ етиб олишни истасак, самолётга авиачипта оламиз. Агар шошилинч бўлмаса, автобус ёки поездда сафар қилиш маъқул деб ўйлаймиз. Чунки уларнинг йўлкираси арзонроққа тушади. Аммо авичипталарни ҳам жуда арзонга сотиб олиш мумкинлигини биласизми?
Айрим авиакомпаниялар бошқаларга нисбатан деярли 5 баробар арзон парвозларни таклиф қилишяпти. Уларни лоукостерлар (ингл. Low-cost carrier, low-cost airline, шунингдек no-frills carrier, discount carrier, budget carrier) деб аташади.
Тарихга назар
XX аср бошларида одамлар самолётлардан қўрқишар эди. Шу сабабли авиаташувчилар йўловчиларни юқори даражадаги хизмат кўрсатиш билан ўзларига жалб қилишга уринган. У пайтларда йўловчи ўзини самолётда эмас, қиммат меҳмонхонада ўтиргандек ҳис қилар эди. Табиийки, чипталар нархи ҳам ўта баланд эди.
Аммо Иккинчи жаҳон уруши якунлангач, вазият ўзгарди: одамлар парвозларга анча кўникиб қолишди. Шу боис бортдаги сервис даражасини пасайтириш имконияти туғилди. Натижада авиачипталар анча арзонлашди. Бундан ташқари, уруш тугагандан сўнг армиялар ўз ҳажмини қисқартира бошлади, жумладан, ортиқча техникани, транспорт самолётларини (айниқса, Douglas DC-3/C-47) ҳисобдан чиқаришди. Улар дарҳол йўловчи самолётига айлантирилди.
Бироқ лоукостерлар хавфсизлик ва парвоз тезлигига бевосита таъсир қилмайдиган барча шароитларни бекор қилди. Агар PanAm авиакомпанияси услуб ва қулайликни сотган бўлса, Ryanair парвоздан бошқа ҳеч қандай ортиқча хизматни таклиф қилмаган.
Янги даврнинг бошланиши
АҚШда давлатнинг тарифлар устидан назоратига оид қонунчилик ўзгартирилди. Бу рақобат ва янги бизнес-моделлар пайдо бўлиши учун йўл очди.
1971 йилда Southwest Airlines ташкил топди – у биринчи бўлиб қисқа масофали рейслар ва минимал чипта нархини шакллантирди.
Олий тоифадаги хизмат ўрнига нарх ва ишончлилик қолдирилди. Бу концепция ўз самарадорлигини жуда тез исботлади. Йўловчилар оқими ўсди. АҚШдан кейин бу ғоя бутун дунё бўйлаб тарқалди.
Европада биринчи лоукостер 1985 йилда асос солинган Ryanair ва 1995 йилдаги EasyJet бўлди. Бу компаниялар Southwest моделини Европа шароитига мослаштириб, онлайн-сотувлар, қаттиқ нарх рақобати, арзон аэропортларга парвозлар ва персонал харажатларини максимал қисқартиришга урғу беришди.
Кейинчалик Ewing, Norwegian, Transavia, Wizz Air ва Pegasus пайдо бўлди. Уларнинг ҳар бири ўзига хос хусусиятларга эга, аммо умумий ёндашув бир хил бўлиб, бортга кириш нархини минимал даражага тушириш ва қолган барча нарсаларни пуллаш тамойилини қўллайди.
Осиёда эса лоукостерлар бироз кечроқ пайдо бўлди, аммо жуда тез тарқалди. AirAsia қитъанинг энг йирик лоукостерига айланди, Ҳиндистондаги Indigo ва Go First соҳада пешқадам бўлди.
Чиптани арзон қилувчи омиллар
Энг аввало, лоукостерларда фақат битта самолёт туридан фойдаланилади. Масалан, Ryanair компанияси Boeing 737дан фойдаланади, Wizz Air эса Airbus 320 ва 321дан. Бу учувчиларни ўқитиш, техник хизмат кўрсатиш ва эҳтиёт қисмлар харажатларини камайтиради. Бутун тизим содда ва арзон бўлиб қолади.
Қолаверса, улар янги самолётлардан фойдаланди. Улар арзонроқ хизмат талаб қилади, камроқ ёқилғи сарфлайди ва хариддан кейин катта таъмир талаб этмайди.
Иккинчидан, йўловчиларнинг самолётга чиқиш-тушиши максимал даражада тез амалга оширилади. Самолёт аэропорт ҳудудида 25-30 дақиқа туради, бошқа авиакомпаниялардаги каби 60-90 дақиқа эмас! Бу бир кунда кўпроқ рейс бажаришга, демак, кўпроқ даромад олишга имкон беради. Албатта, салон ҳам зичроқ: ўриндиқлар торроқ, қаторлар орасидаги масофа қисқа – бироз тиқилиб ва қисиниб ўтирасиз. Бу салонга ўртача ҳисобда анъанавий авиакомпанияларга нисбатан 10-15% кўпроқ йўловчини жойлаштириш имкониятини беради. Масалан, Wizz Air’нинг А320 самолётида 230 та ўрин бор, Lufthansa’да эса худди шундай самолётда фақат 180 та холос. Чипта – бу фақат ўрин учун тўлов. Яхшироқ жой танламоқчимисиз, каттароқ қўл юки олиб ўтмоқчимисиз, багаж топширмоқчимисиз, овқатланмоқчимисиз ёки ҳатто оддий чоп этилган жойлашув талонини олмоқчимисиз – марҳамат, алоҳида пул тўлаб қўйинг! Лоукостерлар ҳар бир нарсадан пул ишлашга ҳаракат қилади
Аэропортлар – бу алоҳида мавзу. Ryanair Париж ўрнига Буве аэропортига, Мюнхен ўрнига Мемингенга учади. Яъни улар кичик ва арзон аэропортларни танлашади. Бошқа лоукостерлар ҳам худди шу тизимда ишлайди. Бу аэропорт йиғимларини бир неча баробар камайтиради. Масалан, Париждаги Шарл-де-Голл аэропортида бир йўловчига хизмат кўрсатиш 20-30 евро туради, Буведа эса атиги 7 евро. Бундан ташқари, лоукостерлар кўпинча тунги рейсларда учади, бу вақтда аэропорт хизматлари анча арзон бўлади.
Барча чипталар тўғридан-тўғри, воситачиларсиз сотилади. Ҳатто анча барвақтроқ, олдиндан сотилади. Бир неча ой олдин сотилган чипта йўловчига ҳам, компанияга ҳам манфаат келтиради. Онлайн сотув йўлга қўйилгани боис, воситачилар йўқ, маркетинг харажатлари паст – бу нархни туширади. Ҳамма жараёнлар рақамлаштирилган: онлайн-рўйхатдан ўтиш, мобил иловалар бунга ёрдам беради. Бу йилига миллионлаб евро тежайди. Ҳаттоки талон қоғози ҳам бошқа авиакомпанияларга нисбатан арзонроқ ва сифатсизроқ.
Ва ниҳоят, қўшимча савдо. Овқат, ичимликлар, бортдаги товарлар, лотереялар, салон ичида реклама, баланд овоздаги хабарнома – табриклар учун алоҳида тўловлар – лоукостерларда ўриндиқда ўтиришдан бошқа ҳамма хизмат ва шароитлар пулга чақилади.
Шундай қилиб, лоукостерларда даромад чиптадан эмас, унга қўшимча хизматлардан келади. Қанчалик кўп одам учса, компания шунчалик кўп пул ишлайди. Ҳатто чиптанинг ўзи 10 евро турса-да. Буни Кодак фотоаппаратлари савдоси билан солиштириш мумкин: аппаратнинг ўзи арзон, лекин плёнка қиммат бўлган. Рангли принтерларнинг ҳам ўзи арзон, бошқа харажат ва зарур материаллар эса қиммат.
Лоукостерда баъзан қўшимча хизматларнинг ўзи чиптадан қимматга тушади. Масалан, Ryanair’да қўл юки учун 25 евро қўшимча ҳақ, Wizz Air’да эса олдинги қатор жойлари учун қўшимча 40 евро талаб қилиниши мумкин.
Шунингдек, қоидалар ҳам “шафқатсизроқ”. Қўл юки рухсат этилган ўлчамдан бироз ошса – жарима. Чиптани буюртма қилишда исм-шарифингизни хато ёзган бўлсангиз, уни тузатиш учун жарима тўлайсиз.
Айрим лоукостерлар, масалан, Wizz Air онлайн-рўйхатдан ўтмасангиз ва аэропортда жойлашув талонини чоп этишса, 40-50 евро тўлашга мажбур қилади.
Ҳам энидан, ҳам бўйидан уриб қолиш
Лоукостерлар нафақат йўловчилар, балки ўз ходимлари билан муносабатларда ҳам “зиқналик” қилади. Учувчи ва стюардессалар ижтимоий бонуслар кўзда тутилмаган аутсорсинг шартномалари асосида ишлайди кўпинча. Мисол учун, Ryanair узоқ йиллар давомида фақат ҳавода ўтказилган вақт учун пул тўлаган, тайёргарлик, кутиш вақти ёки аэропортга йўл олишда кетган соатлар учун пул тўламаган. Ходимларнинг махсус иш кийимлари ҳам арзон синтетик материалдан тикилган бўлиб, ходимлар уни ўз ҳисобидан сотиб олади ва сифатсизлиги боис тез-тез алмаштиришга мажбур бўлади.
Кўпчилик лоукостерларда борт овқатлари экипаж аъзоларига текин берилмайди – бу ҳам тежамкорликни таъминлайди. Руҳий босим кучлилиги боис ходимлар келиб-кетиши кўп, кўпчилик чидай олмай бўшайди. Бундай шароитларда ишлаш оғир ва кўпчилик буни узоқ вақт давом эттира олмайди.
Лоукостерлар яна бошқа жиҳатлардан ҳам пул тежаб қолишни ўйлайди доим. Ryanair бир пайтлар самолётда тик турган ҳолда парвоз қилинадиган жойларни кўриб чиққан. Лойиҳа сертификатдан ўтмаган, лекин жуда катта шов-шувга сабаб бўлган.
EasyJet эса ҳатто бўёқдан тежайди – унинг самолётлари оғирликни камайтириш, яъни ёқилғи сарфини камайтириш учун қисман бўялган. Wizz Airнинг айрим рейсларида стюардессалар худди дўкондаги сотувчи каби бортдаги овқат ва товарлар сотувидан фоиз олади. Айрим лоукостерлар ҳатто салондаги ҳожатхонани пуллик қилмоқчи бўлган. Бу қарорлар ҳайратланарли туюлиши мумкин, лекин уларнинг ҳар бири ортида максимал даромад олиш мантиғи ётади. Лоукостерларда ҳеч нарса бежиз қилинмайди. Ҳаммаси ҳисобланган, ҳаммаси оптималлаштирилган.
Хуллас, лоукостерлар арзон, лекин ҳар доим ҳам қулай эмас ва албатта ҳаммага ҳам тўғри келмайди. Тўғри, уларнинг тежамкор сиёсати парвоз хавфсизлигига салбий таъсир қилмайди. Самолётларга барча учун татбиқ этилган талаб ва регламентларга мувофиқ хизмат кўрсатилади. Шу боис бундай авиакомпаниялардан фойдаланишни истайдиган йўловчилар оқими йилдан йилга кўпайиб бормоқда.
Абулфайз Сайидасқаров