platina.uz
Жаҳон

Исроил "Ҳизбуллоҳ"нинг бош ҳарбий қўмондонини ўлдирди

Яҳудий давлати Ливанга кучли ракета зарбаси йўллади. Бу бир йил олдин эришилган ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувдан кейинги энг йирик ҳужум саналади. 

Исроил "Ҳизбуллоҳ"нинг бош ҳарбий қўмондонини ўлдирди

Исроил Ливан пойтахти Байрутда "Ҳизбуллоҳ" гуруҳининг энг юқори ҳарбий қўмондонини ўлдирганини маълум қилди.

Байрутда амалга оширилган ҳаво ҳужумида "Ҳизбуллоҳ"нинг бош ҳарбий қўмондони Ҳайтсам Али Табатабаи йўқ қилинган. "Ҳизбуллоҳ" Табатабаи ва яна икки нафар қўмондон ҳужумда ҳалок бўлганини тасдиқлади.

Бу ҳужум бир йил олдин эришилган ўт очишни тўхтатиш бўйича келишувдан кейинги энг йирик ҳужум бўлиб, сўнгги беш ой ичида Исроилнинг Байрутга берган биринчи зарбасидир.

Ҳужум, сўнгги ҳафталарда Исроилнинг Ливандаги "Ҳизбуллоҳ"га қарши зарбалари кучайгани фонида содир бўлди. Исроилга кўра, жангари гуруҳ Ливанда қайта қуролланиш ва ҳарбий салоҳиятини тиклашга уринмоқда.

Исроил разведка расмийларига кўра, Табатабаи "Ҳизбуллоҳ" ичида гуруҳни қуроллантиришдан воз кечиш бўйича Ливан ҳукумати қарорига энг кескин қарши чиққан шахс бўлган. У ўт очишни тўхтатишни якунлаб, Исроил билан жангни қайта бошлашга ундаган, дея айтилади.

Исроил Бош вазири Бенямин Нетаняҳу Исроил Мудофаа Кучлари "Ҳизбуллоҳ"нинг “террор ташкилотининг қуролланишига бошчилик қилган” бош ҳарбий раҳбарини нишонга олганини айтди.

Нетаняҳу бу ҳужумни Мудофаа вазири ва Мудофаа кучлари бош штаби бошлиғининг тавсияси асосида буюрганини билдирди.

“Исроил ўз мақсадларига исталган жойда ва исталган вақтда эришишга қатъий бел боғлаган” - деди у.

Исроил ҳарбий-ҳаво кучлари учирган ракеталар Байрут жанубий чеккасидаги "Ҳизбуллоҳ" таянч ҳудуди сифатида кўриладиган 10 қаватли бинонинг тўртинчи ва бешинчи қаватларига тегди. Ливан соғлиқни сақлаш вазирлигига кўра, беш киши ҳалок бўлган ва 20 дан ортиқ киши жароҳатланган.

Ҳужумдан бир неча соат ўтиб, Исроил Мудофаа кучлари расмий баёнот чиқариб, Табатабаи “йўқ қилинганини” эълон қилди.

“Табатабаи Ҳизбуллоҳнинг аксарият бўлинмаларини бошқарган ва уларнинг Исроил билан урушга қайта тайёргарлаш устида фаол ишлаган. Исроил Мудофаа кучлари Ҳизбуллоҳни қайта қуроллантириш ва тиклаш уринишларига қарши ҳаракат қилади ва Исроилга қарши ҳар қандай таҳдидни бартараф этиш учун қатъий чоралар кўради", дейилади баёнотда.

АҚШнинг юқори мартабали расмийси Axiosʼга маълум қилишича, Исроил Байрутдаги ҳужум ҳақида АҚШНИ олдиндан огоҳлантирмаган. “Бизга ҳужум амалга оширилгандан сўнг дарҳол хабар берилди” деди расмий. Исроиллик бир расмий ҳам АҚШГА ҳужум ҳақида олдиндан хабар берилмаганини тасдиқлади.

Табатабаи АҚШ ҳукумати томонидан йиллар давомида қидирувда бўлган, ҳатто уни қўлга олишга ёрдам берадиган маълумот учун 5 миллион долларлик мукофот ҳам эълон қилинган. 2016 йилда АҚШ Давлат департаменти Табатабайни “Глобал даражадаги махсус белгиланган террорчи” сифатида рўйхатга олган.

Исроил расмийларининг айтишича, Табатабай "Ҳизбуллоҳ"нинг сиёсий етакчиси Наим Қосимдан кейин ташкилотдаги иккинчи шахс бўлган. У Исроил аввалги ҳарбий раҳбарларни ўлдиргач, "Ҳизбуллоҳ"нинг ҳарбий раҳбари этиб тайинланган.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid