Бўлажак рафиқасининг уйини алдов билан сотиб юборган шахсга ҳукм ўқилди
Унга 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди. Ушбу ишга алоқадор блогер масаласини прокуратура ўрганиши белгиланган.

Тошкентда бўлажак рафиқасининг уйини 240 минг долларга сотиб, фирибгарликда айбланган шахс 9 йилга қамалди. Бу ҳақда Олий суд хабар берди.
Бугун жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судида Ш. Р. (1997 йилда Тошкент шаҳрида туғилган, муқаддам судланмаган)га оид жиноят ишини биринчи инстанцияда кўриб чиқиш бўйича очиқ суд жараёни якунланди.
Эълон қилинган суд ҳукмига кўра Ш. Р. Жиноят кодексининг 168-моддаси (фирибгарлик) 4-қисми “а” бандида назарда тутилган жиноятни содир этганликда айбли деб топилди.
Ш. Р.га 9 йил муддатга озодликдан маҳрум қилиш жазоси тайинланди.
Тайинланган жазони умумий тартибли колонияларда ўташ белгиланди.
Шу билан бирга судланувчи Ш. Р.дан жабрланувчилар Ж. Ю. фойдасига 3 448 701 208 сўм, С. С. фойдасига 925 769 852 сўм ва Ж. А. фойдасига 464.672.126 сўм миқдорида зарар ундирилиши белгиланди.
Тошкент шаҳри, Шайхонтоҳур тумани, “Катта Оқтепа” МФЙ, Оқтепа кўчаси, 5А/3,4-уй юзасидан тузилган олди-сотди шартномаларини бекор қилиш бўйича фуқаролик иш юритиш тартибида мурожаат қилиш ҳуқуқи тушунтирилди.
Жиноят ишлари бўйича Мирзо Улуғбек туман судининг ушбу ҳукми устидан тарафлар қонунда белгиланган тартиб ва муддатда Тошкент шаҳар судининг жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатига апелляция/кассация тартибида шикоят бериш ва протест келтиришга ҳақлидир.
Шунингдек, суднинг алоҳида ажрими билан Ш. Р.га оид жиноят иши юзасидан бошқа шахсларга нисбатан жиноят ишини қўзғатиш тўғрисидаги масалани ҳал қилиш учун тегишли материалларни илова қилган ҳолда Мирзо Улуғбек туман прокуратурасига хабар қилиниши белгиланди.
Мазкур ажримдан норози томон ўн сутка муддат ичида Тошкент шаҳар суди жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъатининг апелляция инстанциясига хусусий шикоят ёки хусусий протест келтириши мумкин.