Зойир Мирзаев бюджетдан 10 млрд сўм ажратди
Маблағ "Нурафшон бизнес маркази"даги ижтимоий соҳа объектларга олиб борувчи ички йўллар қурилишига сарфланади.

Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев пул ажратиш бўйича фармойишни эълон қилди. Ҳужжат 2025 йил 14 ноябр куни чиқарилган.
У "Нурафшон бизнес маркази"даги ижтимоий объектларга олиб борувчи ички йўлларни қуришга сарфланади.
"Вилоят маҳаллий бюджетининг 2025 йил III-чорак якуни билан даромадлар режасининг орттириб бажарилган қисми ҳисобидан “Нурафшон бизнес маркази” ҳудудида жойлашган “Тест синовларини ўтказишга мўлжалланган намунавий типдаги павилон қуриш” объектига олиб борувчи ва “Малака ошириш институти” объектидан “Киберхавфсизлик институти”га олиб борувчи ички йўлларни қуриш харажатлари учун вилоят ҳокимлигига 10 000,0 млн. (ўн миллиард) сўм маблағ ажратилсин", дейилади ҳужжатда.
Иқтисодий жиноятларга қарши курашиш департаменти вилоят бошқармаси ҳузуридаги давлат молиявий назорати инспекцияси ажратилган маблағдан мақсадли фойдаланилиши устидан назорат ўрнатади.
Бироз аввал Нурафшонда нуронийлар ва маърифат биноларини қуришга 4,6 млрд ажратилиши маълум бўлганди.
Тошкент вилоятида яна бошқа харажатлар билан бирга жами 18 млрд сўмга яқин маблағ сарфланади.