Зойир Мирзаев 4 нафар ҳокимни сўнгги бор қатъий огоҳлантирди
Бўстонлиқ, Бекобод, Бўка ва Тошкент туманлари ҳокимларига охирги имконият берилган.
Тошкент вилояти ҳокими Зойир Мирзаев 4 та туман ҳокимларини сўнгги бор қатъий огоҳлантирган.
Жумладан, Бўстонлиқ тумани ҳокими Жўрабек Аҳмедов маҳаллийлаштириш дастури бўйича туманда бирорта ҳам корхона ҳисобот топширмагани учун жазоланган. Оқибатда Бўстонлиқда дастур ижроси базада нол бўлиб турган ва бу ҳолат республика раҳбарияти томонидан ҳақли эътирозларга сабаб бўлган.
Бекобод тумани ҳокими Шуҳрат Дўсбеков, Бўка тумани ҳокими Бахтиёр Бегматов ва Тошкент тумани ҳокими Сардорбек Эргашев вилоятда ўтказилган саноат ярмаркасида ушбу туманлардан бирорта ҳам масъул раҳбарлар ҳамда корхоналар иштирок этмагани учун қатъий огоҳлантирилган.
Шунингдек, ижро интизомига риоя қилмагани, ўзига юклатилган вазифаларни лозим даражада бажармагани ҳамда хизмат вазифаларини бажаришда бир қатор камчиликларга йўл қўйгани учун вилоят ҳокимлиги Мастер-режаларни ишлаб чиқиш ва амалга ошириш бўйича лойиҳа офиси бош мутахассиси Сардор Усмановга ўртача ойлик иш ҳақининг 10 фоизи миқдорида жарима интизомий жазо чораси қўлланилган.