platina.uz
Жамият

ЮНЕСКО бош директори Самарқандга келди

2017 йилдан буён ташкилотга раҳбарлик қилиб келаётган Одри Азуле учун мазкур сессия охиргиси бўлади. 

ЮНЕСКО бош директори Самарқандга келди

ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессиясида иштирок этиш учун ташкилот Бош директори Одри Азуле хоним ва конференция иштирокчилари илк “Париж – Самарқанд” чартер рейси билан бугун тонгда Самарқанд шаҳрига келди.

Юқори мартабали меҳмонни Ўзбекистон ҳукумати ва вилоят ҳокимлиги масъуллари кутиб олди.

2017 йилдан буён ташкилотга раҳбарлик қилиб келаётган Одри Азуле учун мазкур сессия унинг ЮНЕСКО Бош директори сифатида қатнашган сўнгги сессияси бўлади.

Самарқандда ЮНЕСКОнинг янги бош директори расман ишга киришади. Бу вазифага яқинда ташкилот Ижроия қўмитасининг 222-сессиясида ўтказилган сайловда ғолиб чиққан мисрлик 54 ёшли Халид Ал-Ананий тасдиқланади.

Маълумот учун, ЮНЕСКО (Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Таълим, фан ва маданият масалалари бўйича ташкилоти) 1945-йилда Иккинчи жаҳон уруши якунларидан сўнг ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсади таълим, маданият ва илм-фан орқали тинчлик ва халқаро ҳамкорликни мустаҳкамлашдан иборат.

Ўзбекистон 1993 йилда ЮНЕСКОга аъзо бўлган. Шу вақтдан буён мамлакатдаги қатор тарихий ёдгорликлар — жумладан, Самарқанд, Бухоро, Хива ва Шаҳрисабз тарихий марказлари — ЮНЕСКОнинг Бутунжаҳон мероси рўйхатига киритилган.

Шу жиҳатдан, Самарқандда ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси ўтказилаётгани рамзий аҳамиятга эга: бу қадимий шаҳар тарихан илм-фан, маданият ва цивилизациялар чорраҳаси сифатида машҳур.

Эслатиб ўтамиз, ЮНЕСКО Бош конференциясининг 43-сессияси сўнгги қирқ йил ичида илк бор Париждан ташқарида — 30-октябр – 13 ноябр кунлари Самарқандда бўлиб ўтмоқда.

Яна бир юбилей сана – бу йил Бирлашган Миллатлар ташкилотининг тузилганига 80 йил тўлади.

2025 йил — Иккинчи жаҳон уруши якунланганига ва Бирлашган Миллатлар Ташкилоти ташкил этилганига 80 йил тўлган йил — инсоният тарихининг бутун макон-замон континумни боғлаб турадиган, жаҳон тарихи муаммоларининг барчасини янгитдан долзарб этадиган “тугунли нуқта”си ҳисобланади.

Бирлашган Миллатлар Ташкилоти расман 1945 йил 24 октябрдан бошлаб фаолият юритади. Шу куни Ташкилот Низоми Буюк Британия, Хитой, Совет Иттифоқи, Қўшма Штатлар, Франция ва уни имзолаган кўплаб бошқа давлатлар томонидан ратификация қилинган эди.

Жорий йил 9 сентябр куни эса Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Бош Ассамблеясининг 80-сессияси ўтказилган эди.

© 2025 Platina.uz. Барча ҳуқуқлар ҳимояланган. «Platina.uz» сайтида жойланган маълумотлар муаллифнинг шахсий фикри. Сайтда жойланган ҳар қандай материаллардан ёзма рухсатсиз фойдаланиш тақиқланади.
Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлиги томонидан 02.12.2022 санасида №051412 сонли гувоҳнома билан ОАВ сифатида рўйхатга олинган.
Platina.uz сайтида реклама жойлаштириш масаласида +998 88 100 11 55 телефон рақамига (Telegram: Platina PR) мурожаат қилинг. Таҳририят билан алоқа: info@platina.uz
18+

Иловамизни юклаб олиш

iOSAndroid